Қорақалпоғистонда боғча тарбиячилари автомобиль йўлини тўсиб қўйишди (видео)

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида бир гуруҳ фуқаролар «Бизга Бекбергеновадай раҳбар керак эмас, суд қароридан норозимиз» деган сўзлар ёзилган плакатни кўтариб, йўлнинг қатнов қисмини ёпиб қўйгани акс этган видео «Дарё»нашрига келиб тушган.

Воқеа гувоҳларининг маълум қилишича, эътирозчилар томонидан тилга олинган Элмира Бекбергенова Қонликўл туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари лавозимида фаолият юритиб келади.

Ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева «Дарё»га изоҳ берди.

«Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўрганишлар давомида мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Элмира Бекбергенова фаолиятида ноқонуний ишлар келиб чиққани учун лавозимига нолойиқ деб топилган. Аммо суд қарори билан мактабгача таълим мудираси ўз лавозимига қайта тикланган. Шунга мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари эътироз билдирган. Ушбу масала юзасидан ички аудит хизмати иш олиб бормоқда, ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат қайтадан ўрганиб чиқилади. Лекин шуни унутмаслик лозимки, суд мустақил орган ҳисобланади. Шу боис биз суд ишларига аралашишга ҳақимиз йўқ ва қарорни ижро этишга мажбурмиз», — деди Мавлуда Асқархўжаева.

Унинг қўшимча қилишича, текширувларда фаолиятида ноқонуний ҳаракатлар бор деб топилган мудираларнинг суд томонидан яна ишга қайта тиклаш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

«Мактабгача таълим ташкилотларида ички аудит текширувлари ўтказилган вақтда кўплаб мудиралар фаолиятида коррупцион ҳолатлар ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар кузатилмоқда. Ўз навбатида, биз ўрганишлар бўйича прокуратура органларига маълумот тақдим этамиз. Прокуратура ўрнатилган тартибда ишни кўриб чиқиб, ҳужжатларни суд органларига тақдим этади. Судда эса аксар ҳолларда қўштирноқ ичидаги мудиралар ютиб чиққани кузатилмоқда», — деди Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.

Улашинг: