Бир кунда 40 мингга яқин янги касаллар аниқланди — Туркия

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 31 март куни берган хабарларига кўра, Туркияда ўтган 24 соат ичида 39 302 кишининг коронавирусга чалингани аниқланди. Бу Туркияда коронавирус пандемияси бошланганидан бери қайд этилган энг юқори кунлик кўрсаткич ҳисобланади.

Март ойининг бошида турк ҳукумати мамлакатда вирус тарқалишини камайтириш учун ўрнатилган чекловларни юмшатганди. Аммо, бу ҳолат янги касалланишлар сонининг ошишига олиб келди. Шунинг учун 29 март куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўған эҳтиёт чоралари кучайтирилиши, жумладан, мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари тўлиқ локдаун ҳолати жорий қилинишини эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда ўтган сутка давомида 152 киши коронавирусдан вафот этди ва бу билан вирус қурбонларининг умумий сони 31 537 кишига етди.

«Бизда коронавируснинг британча штамми 180 448 кишида аниқланди ва бу мамлакатимиздаги CОVID-19га чалинганларнинг 75 фоизини ташкил қилади» деди Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Коча.

Коча, шунингдек, ҳукумат июнь ойининг охирига қадар аҳолининг аксарият қисмини эмлашга қарор қилганлигини айтган. Туркияда 14 январь куни коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланган бўлиб, шу пайтгача 16 миллиондан ортиқ одам вакцинани қабул қилиб олган.

Улашинг: