Миллий гвардия ходими хизмат машинасида фуқарони уриб кетди. Жабрланувчи шифохонада вафот этди

Фарғонада Миллий гвардия ходими хизмат машинасида уриб кетган фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Telegram / «Troll.uz»

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 2 апрель куни Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармасига тегишли бўлган «УАЗ» пикап русумли автомашинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

Ушбу хизмат автомашина ҳайдовчиси С.Ш. хизмат юзасидан Фарғона тумани, Фарғона—Водил йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида пиёдалар ўтиш учун белгиланмаган жойда чап томондан ўнг томонга қараб йўлни кесиб ўтаётган фуқаро Б.Н.ни уриб юборган.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчи ўзининг автомашинасида ушбу фуқарони шошилинч тез тиббий ёрдам Фарғона шаҳар филиалига олиб борган. Жабрланувчи олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Фарғона вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хизмат автомашинаси прокуратура ихтиёрига топширилган.

Улашинг: