«Ҳумо Арена»даги бокс оқшомида 8 боксчимиздан 8 ғалаба!

3 апрель куни Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да профессионал бокс оқшоми ўтказилди. Катта шоуга айланган жангларда Иқболжон Холдоров, Санжар Турсунов, Ҳасанбой Дўсматов, Миразиз Мирзахалилов, Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов ва Муроджон Аҳмадалиев сингари номдор чармқўлқоп соҳиблари рингга кўтарилишди.

Бокс кечасининг дастлабки жангида Иқболжон Холдоров танзаниялик Кулва Буширига қарши рингга чиқди. 6 раундга мўлжалланган жангда ўзбекистонлик боксчи рақибини иккинчи раунддаёқ нокаутга учратди.

Иккинчи жанг оғир вазнли боксчилар Санжар Турсунов ҳамда украиналик Иван Юхта ўртасида кечиб, тўлиқ 6 раунд давом этди ва Ўзбекистон вакили очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди. Бу Санжар Турсуновнинг профессионал боксдаги кетма-кет бешинчи жангидаги 5-ғалабасига айланди.

Шундан сўнг рингга Рио-2016 олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов танзаниялик Муҳсин Кизотага қарши жанг учун кўтарилди. 10 раундга мўлжалланган жанг вакант бўлиб турган WBA International камари учун ўтказилди. Илк раундда бир марта, иккинчисида икки марта рақибини нокдаун ҳолатига туширган Дўсматов муддатидан олдин ғолибликни тантана қилди.

Бу ғалаба эвазига Ҳасанбой Дўсматов WBA International камарини қўлга киритди. Ҳасанбой ҳозиргача профессионал боксда икки марта жанг ўтказиб, иккисида ҳам рақибларини нокаутга учратганди.

Тўртинчи жангда эса яна бир оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов латвиялик Кристапс Зуцисга қарши рингга кўтарилди. 6 раундга мўлжалланган бу жанг ҳам муддатидан олдин якунланди. Жалолов рақибини иккинчи раунддаёқ нокаут қилди. Бу эса «Big Uzbek» лақабли Жалоловнинг профессионал боксдаги 8-жанги ва 8-нокаутига айланди.

Куннинг 5-жангида ҳаваскор боксда жаҳон ва Осиё чемпиони унвонларини қўлга киритган Миразизбек Мирзахалилов рингга кўтарилди. Танзаниялик Таша Мжуажини синовдан ўтказган спортчимиз дастлабки раунддаёқ кучли зарбаси эвазига рақибини нокаут ҳолатига туширди.

Шундан сўнг оқшомнинг асосий жанглари бошланди. Исроил Мадримов конголик тажрибали боксчи Эммануэль Коломбога қарши рингга кўтарилди. 10 раундга мўлжаллаган баҳс охиригача давом этди ва якунда Мадримовнинг қўли баланд келиб, 7-ғалабасини қўлга киритган бўлса, бу мағлубият Коломбонинг фаолиятидаги илк муваффақиятсизлик бўлди. У шу вақтгача профессионал боксда 14 жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонганди. 

Кечанинг марказий тўқнашувидан олдин Шаҳрам Ғиёсов Патрисио Лопесга қарши андеркард жангида рингга кўтарилди. Ўн раундга мўлжаллаган баҳснинг учинчи раундида Шаҳрам жигар қисмига берилган зарба билан мексикалик рақибини нокаутга учратиб, оқшомнинг 7-жангида 7-ғалабани таъминлади.

Бокс оқшомининг асосий жангида Муроджон Аҳмадалиев ўз камарларини ҳимоя қилди. Япониялик Рёсуке Ивасага қарши рингга кўтарилган ҳамюртимиз WBA ва IBF камарларини ҳимоя қилиши талаб этиларди. 12 раунд давом этиши белгиланган жангнинг 5-раундида Муроджон серияли зарбалари билан жангни ўз фойдасига ҳал қилди. У техник нокаут эвазига ғалаба қозониб, WBA ва IBF камарларини ўзида сақлаб қолди. 

Бокс оқшоми якунида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов боксчиларимизни ажойиб ғалабалар билан қутлашди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча AIBA президенти Умар Кремлев Ўзбекистондаги ташрифи чоғида бокс бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилишини эълон қилганди.

Улашинг: