Ўзбекистонда 5 кунда 35 мингдан ортиқ киши коронавирусга қарши эмланди

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 35 386 нафарга етди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

5 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни

  • Самарқанд вилояти (1783 нафар),
  • Тошкент шаҳри (1691 нафар),
  • Тошкент вилояти (1321 нафар),
  • Наманган вилояти (1171 нафар),
  • Андижон вилояти (1128 нафар) банд қилди.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Эмлаш дастлаб қариялар, соғлиқни сақлаш ходимлари, ОАВ вакилларида кўнгилли тарзда ўтказилади. 1 апрель куни 5018 нафар, 2 апрель куни 9211 нафар, 3 апрель куни 9551 нафар фуқаро эмланган эди.

Улар AstraZeneca ва Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланмоқда. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди.

Улашинг: