Президент мактабларига топшириладиган ҳужжатлар маълум қилинди

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати Президент мактаб-интернатларига қабул қилиш, шунингдек, номзодлардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва уларни топшириш тартиби бўйича қўшимча маълумот берди.

Президент мактаб-интернатларига қабул фақат боланинг ўқиш жойи бўйича ҳудудий тамойил асосида амалга оширилади. Яъни бола Тошкент вилояти мактабида таҳсил олаётган бўлса, у фақат Тошкент вилояти ҳудудидаги Президент мактаб-интернатига ўқишга кириш ҳуқуқига эга.

Бошқа ҳудудларда, агар ҳужжатларни топшириш вақтида ушбу вилоят ҳудудида жойлашган мактабда ўқиётган бўлса, бола ушбу минтақадаги Президент мактабига ўқишга кириши мумкин. Ҳужжатлар белгиланган муддатда қабул қилинади.

Ҳужжатларни веб-сайт орқали онлайн тарзда топшириш имконияти мавжуд.

Танловда иштирок этиш учун талабгорнинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили белгиланган муддатда қабул комиссиясига белгиланган шаклда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза берувчи ҳужжатларни топшириш вақтида ўқиётган мактабдан маълумотнома*;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
  • талабгор ҳужжатларни топшириш вақтида таҳсил олаётган мактабдан жорий йилги табелининг асл нусхаси ва директор томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган нусхаси.

Маълумотнома шакли тез кунда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги сайтининг ариза юбориш бўлимида жойлаштирилади. Уни юклаб олиш ва тўлдириш керак. Маълумотнома талабгор ҳужжатларни топшириш вақтида ўқиётган таълим муассасаси директорининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши шарт.

Улашинг: