Бош вазир жаримага тортилди. Унинг туғилган кунида рухсат берилганидан кўп одам қатнашган

Норвегия полицияси туғилган кунида рухсат берилганидан кўп одам қатнашгани учун мамлакат бош вазири Эрна Сульбергни 20 минг Норвегия кронаси ((2352 доллар) жаримага тортди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Сулберг февраль ойида 60 ёшга тўлганини тоғ курортида нишонлаган. Юбилейда 13 киши қатнашган. Мамлакатда ўрнатилган карантин қоидаларига кўра, 10 кишидан ошмайдиган тадбирларгагина рухсат берилган.

Карантинни қўллаб-қувватловчи бош вазирнинг ўзи қоидаларни бузгани Норвегияда кескин танқидга сабаб бўлган.

Округ полиция бошқармаси бошлиғи Сёр-Эст Уле Сэверуд полиция бундай ҳолатларда кўпинча жарима ёзмаслигини, аммо бош вазирга нисбатан кескин чора кўришга қарор қилинганини айтди.

«Қонун ҳамма учун бир бўлса-да, қонун олдида ҳамма баробар эмас. Сулберг — мамлакат етакчиси ва у вирус тарқалишига қарши курашиш учун чекловларнинг бошида турган. Шу боис жамоатчилик ишончини қўллаб-қувватлаш учун уни жаримага тортиш тўғри бўлди», — деди у.

Улашинг: