Дафн этилган эркакни бир кундан кейин қариндошлари тирик ҳолда топишди

Фото: «Daily Sabah»

Туркиянинг Чанаккале вилоятида оила бегона одамни вафот этган қариндоши билан адаштириб, дафн этди. Бу ҳақда «Daily Sabah» хабар бермоқда.

89 ёшли Режеп Челик COVID-19 билан касалланган 69 ёшли Режеп Йилмаз ётган шифохонада саратон касаллигидан даволанаётган эди. Бошқа шифохонанинг реанимация бўлимида жой бўшаганда Йилмаз у ерга кўчирилган ва янглишиб Челик номи билан рўйхатдан ўтказилди. У ўша куни вафот этган.

Исмлар адашиб кетгани боис Йилмазнинг ўлими ҳақида Челикнинг қариндошларига хабар берилган. Улар унинг ўлимига COVID-19 сабаб бўлганидан ҳайрон қолишди. Аммо жасадни олиб кетишиб, дафн этишди. Янги коронавирус инфекцияси пандемияси билан боғлиқ жорий этилган чекловлар марҳумга яқинлашишга имкон бермади, шунинг учун хатони сезмай қолишди.

Эртаси куни шифохонада Челик ҳалиям тирик эканлигини аниқлашиб, чалкашлик ҳақида қариндошларига хабар беришди. Бош шифокор муолажада эмас, фақат ҳужжатларда хатога йўл қўйилганини айтмоқда.

«Устига-устак, улар бир-бирига жуда ўхшайди. Иккаласининг ҳам бошида катта холи ва операциядан қолган чандиғи бор», — дейди у.

Улашинг: