Ҳожатхона туфайли метан «заправка»лар газдан узиб қўйилди

Қарши шаҳрида ҳожатхонаси санитар-гигеник талабларга жавоб бермайдиган метан «заправка»лар вақтинчалик газдан узиб қўйилган. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Ҳайитова бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Қарши шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг санитар-гигеник ҳолатини ўрганган.

Ўрганишлар жараёнида Қарши шаҳридан ўтган давлат аҳамиятидаги A-380 Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов автомобил йўли ёқасида жойлашган «Коинот газ сервис» МЧЖ ҳамда Худойзод маҳалласидаги «Осиё метан» МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш станцияси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Қайд этилишича, тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги «Йўл ва туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 793-сон қарори талабларини қўпол равишда бузган. Улар аввалги ўрганишлар давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни ҳанузгача бартараф этмаган. Жумладан, ушбу метан «заправка»лардаги ҳожатхоналар белгиланган талабларга умуман жавоб бермаслиги аниқланган.

Қайд этилишича, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг ҳар иккаласида ҳам ногиронлар учун пандус ўрнатилмаган. Ҳожатхоналар мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволда бўлган. Она-бола хонаси жиҳозланмаган. Ҳожатхонанинг ногиронлар учун хонаси эшиги ундан аравача сиға олмайдиган даражада тор қилинган. Бундан ташқари, «Осиё метан» МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида канализация ҳожатхона ёнидан ўтган зовурга чиқарилган.

Таъкидланишича, ҳар иккала метан «заправка» эгаларига вазиятни ўнглашгач, газ таъминоти қайта тиклаб берилиши тушунтирилган.

Улашинг: