Мурод Назаров: Тошкент марказида бир сотих ер нархи 150 минг доллар

Murad Buildings асосчиси Мурод Назаров Alter Ego лойиҳаси доирасида блогер Кирилл Альтманга Тошкентдаги ер участкалари нархи ҳақида гапирди, деб ёзмоқда Spot.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарда қурилиш олиб бориш фойдасиз бўлиб бормоқда — ерлар жуда қиммат, чунки сўнгги йилларда нархлар 2 баравардан 10 бараваргача кўтарилди.

«Тошкент марказида бир сотих ер тўрт йил олдин 20—25 минг долларни ташкил қиларди, ҳозир эса 100 минг доллардан бошлаб 150 минг долларгача ҳам боради», — деган Мурод Назаров.

У Cambridge Residence жойлашган ерни мисол қилиб келтирди. Компания уни ҳар сотихини 3 минг доллардан сотиб олган, ҳозир эса у ерда нархлар 30—40 минг долларни ташкил этмоқда. Шу сабабли қурувчи компаниялар шаҳар кенгайиши ва йўлдош шаҳарчалар пайдо бўлиши ортидан аста-секин чекка жойларга чиқмоқда.

«Ер қиммат бўлса, ундаги кўчмас мулк ҳам қимматлашади, уни сотишда ҳам қийинчилик туғилади», — деб тушунтирган Мурод Назаров.

Murad Buildings асосчиси, шунингдек, девелоперликда нархлар 5—6 баравар ошириб қўйилишини афсона деб атаб, 10 фоиз рентабеллик яхши натижа сифатида қаралишини таъкидлади.

«Компания ҳатто ҳеч қандай солиқ тўламаса ва ҳамма нарсани нақд пулга қилса ҳам, унда соф фойданинг 30 фоизи қолади, аммо бу қисқа муддатли ва кичик миқёсда. Йирик лойиҳаларда ва узоқ муддатга бу иш бермайди», — деган тадбиркор.

Шунингдек, Мурод Назаров ўз бойлигини 50 миллион долларгача баҳолаши ҳақида маълум қилди.

Улашинг: