Қашқадарёда 14 ёшли қизнинг «бошини айлантириб», отасига тегишли пулларни қўлга киритган йигит ушланди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 18 ёшли йигит алдов йўли билан 14 ёшли қиздан унинг отасига тегишли пулларни олгани аниқланди.

ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, 3 апрель куни 39 ёшли эркак Қ.О. Қамаши туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1 апрель куни соат 09:30 ларда 18 ёшли йигит Б.М. унинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, вояга етмаган қизи 14 ёшли М.М.га уйидан пулларини олиб чиқиб беришини айтиб, жами 7300 доллар пулларни алдов йўли билан қўлга киритганлигини маълум қилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида йигит 39 ёшли эркак Қ.О. даромадли жойда ишлашидан хабар топиб, унинг вояга етмаган қизи, 8-синф ўқувчиси М.М.ни алдаб, у билан гаплашиб юриб, уйидаги пулларини олиб чиқиб берса, яна ўрнига қўйишга ваъда бергани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Б.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (кўп миқдорда фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ундан 6 минг доллар пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: