Актриса Норпошша Ҳасанова Мирза Азизов унга уй олиб берганини маълум қилди (видео)

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди. Мирза Азизовнинг ҳамкасби, актриса Норпошша Ҳасанова 34 йил давомида фарзандлари билан ётоқхонада яшагани, Мирза Азизов эса унга уй олиб бергани ҳақида гапириб берди.

Актриса бу ҳақда YouTube’даги YashinTV’га берган интервьюсида маълум қилди.

«Мирзажон мендан уч ёш кичик эдилар. Мен учун улар жуда ҳам қадрли бўлиб қолганлар. Уларни инсон қиёфасидаги фаришта дердим. 2016 йилда Мирзажон театрга директор бўлганларида, уларга сўз берилганда, бу воқеани ҳар сафар жуда катта ҳаяжон билан эслайман, бу воқеани бошқача эслаб бўлмайди.

«Менга берилган ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан, фақат битта илтимосим бор, мана шу театрда 34 йилдан буён ишлаб келаётган Норпошша Ҳасановага битта уй олиб берайлик. Улар ўттиз тўрт йилдан буён фарзандлари билан ётоқхонада яшайдилар. Ўғилларини уйлантиришлари, қизларини турмушга беришлари керак», дегандилар.

Бу гапдан бир уяламан, хижолат бўламан, бир хурсанд бўламан, мен учун бир инсон қайғурганлигидан суюнаман. Ўша вақтда Маданият вазири Баҳодир Аҳмедов эдилар, улар ҳам рад қилмасдан «Норпошшо опа, ижобий ҳал қилишга ваъда берамиз» дедилар. Шу икки инсон ваъдаларини устидан чиқиб 2016 йилда бизга уй қилиб бердилар, 34 йил деганда, 56 ёшимда уйли бўлганман.

Ҳозир уйга кираман-у, болаларим суюнганидан, ишонгилари келмай «шу уй бизникими», дейишади. Уйимнинг деворига қарайманми, томига, ромига қарайманми, қаерига қарасам Мирзани кўраман. Мирзани театрда кўрсам, миннатдорлик ҳиссиданми йиғлаб юборардим, ҳаттоки уларни хижолат қилмаслик учун қочиб юрадиган бўлдим. Улар хижолат бўлмасин дердимда.

Бу инсон ҳаммага, ҳаттоки биринчи кўришган инсонларига ҳам қўллари кўксида бўларди. Кимга бўлмасин яхши муомала қилиб, «нима камчилик, мендан нима ёрдам» деб сўрардилар. Фақат ва фақат яхшилик қилганликларини эшитганман. Буни айтмасам бўлмайди, ёлғон гапираётганим йўқ, ҳозирги гапларимни улардан яхшиликлар кўрган барча инсон виждонида тасдиқлаб турибди.

Бугун театрга репитицияга келдик. Ташқарида турибмиз. Ҳеч нарса йўқдек, ҳуввилаб қолгандек ҳамма жой. Аллоҳни иродаси экан, иложимиз қанча.

Уларга Аллоҳим шундай яхши жуфти ҳалол насиб этган, иллоҳим фарзандлари бахтли бўлсин. Қўлимиздан келадигани фақатгина уларнинг ҳаққига дуо қилиш холос. Охиратлари обод бўлсин, иллоҳим ётган жойлари жаннатдан бўлсин», — деди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр актрисаси Норпошша Ҳасанова.

Улашинг: