Шавкат Мирзиёевни ҳақоратлаб, туҳмат қилиб келган жиззахлик фуқарога жиноий иш очилди

Жиззах вилояти Бахмал туманида Ўзбекистон Президентини интернетда ҳақоратлаган шахсга нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар қилмоқда вилоят прокуратураси.

Маълум қилинишича, 1969 йилда Бахмал туманида туғилган фуқаро V.К интернетнинг YouTube ва Facebook тармоқларида «V.К» (номи қисқартирилган) профиллар очиб, ушбу профиллари орқали турли мавзуларда интернет тармоқлари орқали тўғридан-тўғри чиқишлар қилган.

У ўз чиқишларида Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилиб, Ўзбекистон Президентини интернет тармоқлари орқали ҳақоратлаб, давлат раҳбарининг обрўсига путур етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келаётганлиги ҳолати аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Президентини интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: