Tesla ҳайдовчиси соатига 160 километр тезликда уйлардан бирига бориб урилиб, омон қолди

Фото: Local 10

Флорида штатининг Мирамар шаҳрида соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган Tesla Модель S бир нечта дарахт, автотураргоҳдаги иккита автомобиль ва йўл четидаги уйлардан бирига бориб урилди, деб хабар берди Motor’га таяниб «Дарё».

Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳодиса Мирамар шаҳридаги 65-авенюда тонгги соат 04:00 да содир бўлган. Қора Tesla Модель S шу қадар тез ҳаракатланганидан домофон видеокамерасидаги тасвир чақноқ каби кўринган — маҳаллий полициянинг таъкидлашича, авария вақтида электрокар соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган.

Машина уйга бориб урилгунига қадар йўлда бир нечта дарахт ва автотураргоҳдаги автомобилларга шикаст етказган, Mazda 3’ни том маънода пачақлаб кетиб, ортида RAM пикапига ҳам урилган. Япон седани қайта тикланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган, пикапнинг эса бироз омади келган.

Уйга қаттиқ зарар етганидан у ерда яшайдиганлар ҳозирда ичкарига киритилмаяпти — махсус экспертлар комиссияси бинони текшириб, тегишли хулоса бериши зарур. Қизиқ жиҳати, электромобиль ҳайдовчиси омон қолган ва у шифохонага етазилган — ҳушсиз ҳолатда. Йўл-транспорт ҳодисасига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Улашинг: