XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Москвага ишлаш учун борган 500 дан ортиқ ўзбекистонлик норозилик билдирди

    Апр 21, 2021

    Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москвада норозилик билдириб, иш жойи ҳовлисига чиққан 500 дан ўзбекистонликка оид вазият юзасидан баёнот берди.

    19 апрель куни Facebook ижтимоий тармоғида Москва шаҳрида 500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир норозилик билдириб, иш жойи ҳовлисига чиққани, улар жонли эфир вақтида мигрантлар муаммосига Ўзбекистон масъуллари, ўзбек ва рус ОАВлари эътибор беришини хоҳлаётгани тасвирланган видео тарқалган эди.

    Видеода қайд этилишича, 500 нафардан ортиқ муҳожир Россияга Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тарафидан расмий равишда олиб келинган. Давлат тарафидан Россиянинг «АНТЕК» қурилиш ташкилотига ишлашга келган муҳожирларга иш берувчи билет олиб берган. Ётоқхонага жойлаштирилган муҳожирларнинг сўзларига кўра, улар уч ойдан буён ётоқхонадан ҳеч қаерга чиқа олмаяпти.

    Россиянинг «АНТЕК» қурилиш компаниясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари С.Мансуров, Ўзбекистон Россиядаги элчихонаси маслаҳатчиси А.Зиямуҳамедов воқеа жойига борган, фуқаролар ва масъул шахслар билан учрашиб, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишган.

    Ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлган:

    • фуқароларнинг карантин шароитида бўлиш даври чўзилиб кетган. Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати («Роспотребнадзор») томонидан ўтказилган текширишлар натижасида айрим фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли улар икки ойга яқин вақт давомида карантин ҳудудида бўлиб турибди;
    • иш берувчи ташкилотлар ходимлари томонидан ишчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари олиб қўйилган.

    Натижада карантин ҳудудида бўлиб турган фуқароларда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни расмийлаштириш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш муддатининг ўтиб кетаётгани ва расмийлаштирилган патент учун тўловларнинг амалга оширилмаётгани сабабли бекор бўлиши каби хавотирлар пайдо бўлган.

    Шунингдек, фуқаролар учун овқат ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда ётоқхона хавфсизлиги ходимлари билан муаммолар юзага келган.

    «Айни пайтда ушбу вазият назоратга олинган бўлиб, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, хусусан, паспортларни фуқароларга қайтариш, қурилиш объектларида иш бошлаш жараёнини тезлаштириш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича ‘АНТЕК’ МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда», — дейилади расмий баёнотда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!