Жасур Умиров ишини олиб борган масъулларга чора кўрилди

Қўшиқчига нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича дастлабки қарор қабул қилган ходимлар ҳаракатига баҳо берилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, вояга етмаган Ш.М.нинг номусига тегиш иши бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. 

Унда терговчи далилларни соҳталаштирмагани, кўрсатмаларни ўзгача тарзда қайд этмагани ва терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсатмаларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олгани аниқлангани сабабли, унга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.  

Бироқ, у ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйгани сабабли, унга нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.

Шунингдек, мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ бошлиғига  “ҳайфсан”, туман ИИБ бошлиғига “танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилган.

Вилоят ИИБ ТБ бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилингани билан чегараланилган.

Улашинг: