Самарқандда аттестация ўтадиган хонанинг кузатув камераси тўсиб қўйилди

Самарқандда 2021 йилнинг 19 апрелидан бошлаб иккинчи малака тоифаларига талабгор ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш бошланган эди. «Дарё»га вилоятдаги аттестация ўтказиладиган аудиториянинг бирида кузатув камераси ёпиб қўйилгани акс этган видео келиб тушди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар беради.

«Дарё» мухбири мазкур ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўлими масъуллари билан суҳбатлашди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 19 апрель куни халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг ҳудудий бўлимида бошланган аттестация жараёнлари марказнинг 5 та аудиториясида 100 та компьютерда онлайн тарзда ўтказилмоқда. Жараён ҳар бир хонага ўрнатилган камералар, қолаверса, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги вакиллари назорати остида ўтказилган.

Аниқланишича, камера юзи тўсиб қўйилган ҳолат марказнинг 101-хонасида тасвирга олинган.

Ҳолатни изоҳлаган масъуллар аттестация жараёнлари бошлангунга қадар компьютерга киритиладиган логин ва паролнинг махфийлигини сақлаш мақсадида бу ишга қўл урилганини билдирди.

Айтилишича, онлайн тест топшириладиган ҳар бир компьютернинг логин ва пароли IP адреси билан республика серверидан рўйхатдан ўтказилади. Логин ва пароль Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарининг тегишли буйруғи билан ушбу аттестация жараёнларига бириктирилган бир нафар ходимгагина маълум бўлиб, у махфий тарзда паролни компьютерга киритгач, тест топширишга рухсат берилади.

Қўшимча қилинишича, компьютерга логин ва паролни киритишда кузатув камераси орқали яқинлаштирилган ҳолда паролнинг бошқа кишига маълум бўлмаслиги, махфийликни сақлаш учун камера юзи вақтинча тўсилган. Логин ва пароль киритиб бўлингач, кузатув камераси остида аттестация жараёни давом этган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълумот беришича, 6832 нафар ўқитувчи иккинчи малака тоифасига ўз билимларини синовдан ўтказиши белгиланган. Бошқарма бошлиғи Зебинисо Шодиева малака ошириш ҳудудий марказида ўтказилаётган аттестация жараёнлари билан танишган. Ўрганиш жараёнида ҳар куни ўнлаб ўқитувчилар сабабсиз аттестация жараёнига келмагани маълум бўлган. Бошқарма бошлиғи ушбу ҳолат юзасидан масъулларга зарур топшириқ берган. Аттестация жараёнлари 29 апрелга қадар давом этиши белгиланган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлимининг таҳририятга берган маълумоти қанчалик асосга эга экани юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг муносабатини кутиб қоламиз.

Улашинг: