Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг формасида юрган аёл ва эркак ушланди

Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг формасини кийиб олиб, «макулатура» тўплаб юрган икки фуқаро қўлга олинди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 20 апрель куни соат 15:30 ларда 102 рақамига фуқаро Ш.А. қўнғироқ қилиб, ИИО ходимларининг формасини кийиб юрган аёл ва эркак ҳақида хабар берган.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари воқеа жойига етиб бориб, 45 ёшли У.Х. ҳамда муқаддам талончилик ва ўғрилик учун икки марта судланган 36 ёшли Н.С.ни қўлга олган.

Ходимларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган мазкур шахслар ҳақиқатан ҳам ички ишлар органларининг хизмат кийимида бўлган. Ҳуқуқбузарлар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига олиб келиниб текширилганда, уларнинг ёнида иккита пичоқ борлиги аниқланган.

Ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-3-моддаси (Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши), 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 209-1-моддаси (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Яккасарой тумани суди У.Х. ва Н.С. юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилаган.

Улашинг: