Рўзиқул Бердиев: “Йигитларга 10:0 ҳисобига эътибор қилмасликларини тайинлагандим”

Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган “Насаф” – “Рубин” (4:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
“Бугун 3 очкони қўлга киритишни мақсад қилгандик ва унга эришдик. Йигитларга “Бунёдкор” – “Рубин” ўйини натижасига (10:0) эътибор қилмасликларини тайинлагандим, асосийси ғалаба эди. Бугун кам майдонга тушаётган футболчиларга имконият бердик. Ўйин устунлигимиз остида ўтди, натижа ҳам буни кўрсатиб турибди. Баъзи футболчиларимизда техник-тактик хатолар бўлиб турди. Рақибларнинг даражаси бугун кўриниб қолди.

Ўтган турдаги Жиззахдаги бир очко бизни қониқтирди. Сабаби “Сўғдиёна” медаллар учун курашмоқда, ўз майдонида ўйнади ва тажрибали футболчиларга эга.

28 апрель куни “Бунёдкор” билан ўйнаймиз, шу боис бугун кўпроқ ёшларга имконият бердик. Тан олиш керак, бизда битта таркиб бор. Кубок баҳсларида ҳам VAR тизими ишласа яхши бўларди. Баҳсли вазиятларда бу асқотади.

ОФК кубоги ҳақида? Олдиндан ҳеч қандай ваъда бера олмаймиз. Ҳозирга қадар Тожикистон ва Қирғизистон клублари иштирокидаги ўйинларни кузатиб ўргандик. Ўйлайманки ОФК кубогида максимум ҳаракат қилиб яхши натижага уринамиз”, – дейди Рўзиқул Бердиев.

Улашинг: