Чироқчида бир гуруҳ аёлларнинг автомобиль йўлини тўсишига сабаб бўлган муаммо Сенат назоратига олинди

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида 1-синфда ўқувчи қиз ЙТҲ оқибатида вафот этгач, бир гуруҳ аёллар 23 апрель куни «Қарши—Самарқанд» йўлининг Хўжаобод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи қисмини норозилик тариқасида тўсиб қўйганди. Мазкур ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик

«Сенат туманда яшовчи аҳоли вакилларини қийнаётган муаммолар юзасидан қилиниши лозим бўлган ишларни ўрганиб, натижалари юзасидан батафсил ахборот беради», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ИИБ 1-синфда ўқийдиган қиз Д.Э. 21 апрель куни пиёдалар йўлакчаси орқали йўлни кесиб ўтаётганида Isuzu юк машинаси уриб юбориши оқибатида касалхонада вафот этганини, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи шу куннинг ўзида қамоққа олинганини маълум қилганди.

ЙТҲнинг эртасига, 22 апрель куни Чироқчи тумани мутасадди раҳбарлари фуқаролар билан учрашган. Учрашувда «Қумдарё» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли ўзлари яшайдиган қишлоқда қурилиши режалаштирилган мактабнинг тезроқ қуриб берилишини сўраб, қўшни қишлоқдаги мактабга боришда «Самарқанд—Қарши» йўлини кесиб ўтиш болалар учун хавфли эканини билдирган. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборотига кўра, «Истиқлол» қўрғончасида 99-мактаб филиалига 176 ўринли янги мактаб қурилиши режалаштирилгани, у янги ўқув йили бошланишида фойдаланишга топширилиши «қишлоқ аҳлига бот-бот тушунтирилган».

«Chiroqchi.uz» қишлоқ аёллари 1-синф ўқувчисининг ўлимидан «ўзларини йўқотиб қўйгани» учун мутасаддиларнинг сўзларига эътибор қилмай, ўз билганича иш тутганини қайд этган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мактаб қурилиши август ойида якунланишини маълум қилган, шунингдек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев марҳума Д.Э.нинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига ҳамдардлигини билдириб ўтган.

«Chiroqchi.uz» маълумотларига кўра, мактаб қурилиши 2021 йил иккинчи чорагида бошланади, ҳозирда буюртмачи Қашқадарё вилояти «Ягона инженеринг хизмати» томонидан пудратчи ташкилотлар танловини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Улашинг: