Элдор Шомуродовнинг ўйинига таъсир қилувчи омиллар

“Женоа” сафида фаолият юритаётган Элдор Шомуродов ниҳоят дарозани ишғол этиб, барчани бирдек хурсанд қилди. Гол бўлганда ҳам жуда чиройли чиқди. Голдан нафақат биз, балки ушбу беллашувни кузатган нейтрал мухлислар ҳам завқланишди.

Ҳамюртимиз узоқ вақтдан бери ўзини кўрсата олмаётганди. Омадсиз ўйинлар унинг руҳиятига таъсир қилаётганди. Бу ҳатто терма жамоа ўйинларида ҳам сезилди.

Шомуродовнинг Италияда фаолият юритиши унга жуда катта ишонч ва шу билан биргаликда катта босим юклайди. Ҳамманинг эътибори унда бўлмоқда, мухлислар ҳужумчимиздан ҳар гал гол кутяпти. Бироқ орада анча вақт Элдор томошабинларни манзур эта олмаётганди.

Ушбу муваффақият орқали Элдорнинг «Женоа» сафидаги 9 ўйиндан иборат голсиз серияси барҳам топди. У сўнгги бор А Серия 23-тури доирасида бўлиб ўтган «Верона»г қарши беллашувда рақиб дарвозасини ишғол қилганди.

Ғалаба орқали «Женоа» 4 ўйинлик ғалабасиз сериясига нуқта қўйди. Сўнгги пайтларда Италия чемпионати учрашувлари Давиде Баллардини учун омадсиз кечмоқда. Жамоа «Специя»гача 11 беллашувнинг биттасидагина ғалабани тантана қилганди холос.

Қизиқ томони шундаки, айнан мана шу беллашув Шомуродов гол урган ва генуяликлар ғалаба қозонган биринчи ўйинга айланди. Бунгача генуяликлар ўзбек футболчиси дарвозани ишғол этган баҳсларда зафар қуча олмаётганди. Хусусан, жамоа Шомуродов ўз ҳисобига аниқ зарба ёздириб қўйган аввалги ўйинларда “Парма” ва “Сассуоло”га бир хил – 1:2 ҳисобида енгилган. “Верона” дарвозаси тўридан жой олган аниқ зарба эса 2:2 ҳисобидаги дурангни таъминлаган эди.

Бу рақамлар бэжиз эмас. Статистика ҳам Шомуродовнинг ўйинида бироз пасайиш бўлганини кўрсатмоқда. Боз устига ҳамюртимиз асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. Давиде Баллардини “Женоа”ни қабул қилиб олгач, ўзбекистонлик футболчига ҳужумни ишониб топширди. Бироқ у натижага таъсир кўрсата олмади. Шунинг учун 60-дақиқадан сўнг захирадан майдонга тушадиган бўлиб қолди.

“Специя”га қарши беллашувда тезлик билан рақибидан ўтиб кетиб, дарвозанинг юқори қисмини чиройли тарзда ишғол қилган Шомуродов учун бу усул бегона эмас. У бир неча бор шундай ҳаракатларни амалга ошириш орқали мураббийлар, мухлислар ва футбол жамоатчилигининг эътиборига тушган. Аммо юқорида тилга олганимиз, ишқизбозларнинг ҳаддан ташқари эътибори, босим уни бироз бўшаштирмоқда.

Элдор Шомуродов бундай пайтда интернетдан камроқ фойдаланиши, ижтимоий тармоқлардан иложи борича узоқроқ бўлиши фойдалидир. Катта мусобақаларда ёки яхши ўйин кўрсатаётган пайтларда мураббийлар футболчиларни ташқи таъсир қилувчи омиллардан асраш учун телефодан фойдаланишни тақиқлаб қўяди. Интернетга киришни гапирмаса ҳам бўлади.

Албатта, Шомуродов кучли лигада ўйнашига қарамай муомаласи, ўзини тутиши ўзгаргани йўқ. Ҳали ҳам “Бунёдкор”даги Элдор қандай оддий, содда йигит бўлса, ҳозир ҳам шундай. Биз истардикки, ҳужумчимизнинг ўйини одоби ва муомаласи каби ўзгаришсиз, аввалгидек янада чиройли ҳамда мазмунли бўлсин.

Бекзод Исаев

Улашинг: