Супер зарбага эга боксчимиз тажрибали рақибни ер тишлатди

Россиянинг Краснодар ўлкасида ташкил этилган профессионал бокс кечаси натижалари эълон қилинди. Ушбу мусобақада турли мамлакатлардан келган 16 нафар боксчи рейтинг жангларини ўтказди. Профессионал бокс кечасида уч нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси рингга кўтарилди.

Умуман олганда, кўплаб мухлису мутахассислар эътибори 19 ёшли профессионал боксчимиз Улуғбек Қаюмбоевга қаратилмоқда. Профессионал жангларда ўтган йилнинг ёзидан буён иштирок этаётган наманганлик чарм қўлқоп устаси супер зарбага эга ва барча рақибларини нокаут билан енгмоқда. Ўтган йили Россияда ўтказилган  тўртта жангда мезбонлардан Денис Азарченков, Роман Зимон, Александр Салтиков ва тожикистонлик Худойдод Ёқубийни мағлубиятга учратган ҳамюртимиз бу гал анча жиддий рақибга тўқнаш келди.

Бу сафарги рақиб Александр Фёдоров профессионал рингда 23 та жанг ўтказиб, шулардан 22 тасида зафар қучган ва 12 марта рақибларини нокаутга йўллаган эди. Олти раундлик рейтинг жанги ўзбек боксчисининг устунлигида бошланди. Учинчи раундга келиб, Улуғбекнинг кучли томонлари яққол кўринди. У рақибини кучли зарба билан рингга қулатди ва Александр Фёдоров беллашувни давом эттиролмайдиган бўлди.

Қаюмбоев кетма-кет бешинчи нокаутини қайд этди ва муҳим рейтинг очколарини қўлга киритди. Улуғбек Қаюмбоев ўз вазн тоифасида мамлакатимиз боксчилари орасида кучли бешликка киради. Миллий рейтингда у Абдурасул Исмоилов, Равшанбек Умрзоқов, Элнур Абдураимов ва Муроджон Ёқубовдан кейин жойлашган. Дунё рейтингида бу вазн етакчилигини Теофимо Лопес эгаллаб турибди.  

Таъкидлаш жоизки, Александр Фёдоров аввалги жангини ҳам ўзбек боксчига қарши ўтказганди. 3 апрель куни Мирзамуҳаммад Ҳикматалиевга қарши рингга чиққан россиялик жангчи иккинчи раунднинг ўзидаёқ мағлубиятини тан олган эди. Ҳикматалиев шу тариқа  профессионал рингдаги ғалабалари сонини саккизтага етказди.

Краснодардаги профессионал бокс кечасида яна бир истеъдодли ҳамюртимиз навбатдаги рейтинг жангида қатнашди. Икки йилдан бери профрингдаги тўқнашувларда иштирок этиб келаётган Элдор Абдуқодиров шу кунгача тўртта ғалаба ва битта мағлубият қайд этганди.

Элдор олтинчи учрашувини мезбонлар вакили Тимур Кайсинга қарши ўтказди. Олти раундлик рейтинг жанги охиригача давом этмади. Икки раунд ўзбек боксчиси билан тенгма-тенг курашган Тимур учинчи раундда кучли зарбаларга дош беролмади ва техник нокаут билан беллашувни тарк этди.  

23 ёшли Абдуқодиров бешинчи ғалабаси ва учинчи нокаутини расмийлаштириб қўйди. Бу боксчи вазнида Ўзбекистон рейтингида Бектемир Мелиқўзиев  етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Элдордан юқорида яна уч боксчи – Шерзод Ҳусанов, Азизбек Абдуғофуров ва Шерали Мамажонов бормоқда. Бу вазнда жаҳон рейтинги шоҳсупаси Сауль Альваресга тегишли.  

Краснодардаги профессионал бокс кечасида қатнашган учинчи вакилимиз Нурбек Баҳриддинов мухлисларни хушнуд этолмади. 24 ёшли боксчимиз россиялик Кирилл Бахтин билан бўлган тўрт раундлик жангнинг ўртасида техник нокаут билан имкониятни бой берди.Бу Нурбек учун фаолиятидаги иккинчи нокаут бўлди.

Улашинг: