Жиззахлик эркак хотинига 27 марта пичоқ урди. Аёл тирик

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судини очиқ суд мажлиси  Девидга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Иш ҳужжатларига кўра:

Девид суд томонидан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб ҳақорат қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси билан маъмурий жазо қўлланилган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, туманидаги ўзи яшаб келаётган хонадонида турмуш ўртоғи Диля билан ўзаро тортишиб қолиб, қасддан унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаб ҳақорат қилган ва Девид ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, турмуш ўртоғи Диля билан бўлиб ўтган келишмовчилик натижасида турмуш ўртоғи Диля уч нафар фарзандлари билан отасини уйида яшаб юрган. Диля ўзига тегишли бўлган кийим-кечакларни олиб кетиш учун турмуш ўртоғининг уйига келганида, Девид спиртли ичимликдан маст ҳолда турмуш ўртоғи Диля билан жанжаллашиб қолиб, уйнинг даҳлизини ичкаридан қулфлаб олиб, Диляни улдириш мақсадида даҳлизда турган рўзғорда фойдаланиб келинган ошхона пичоғини олиб, Дилянинг бўйин, жағ, ўмров, иккала қўлининг кафт, бармоқ соҳаларига жами 27 маротаба санчилиб кесувчи тан жароҳатлари етказиб, ўлдирмоқчи бўлаётганида Дилянинг фаол қаршилиги ва унинг эгнидаги кийимларнинг қалинлиги ҳамда пичоқнинг тиғининг қайрилиб кетганлиги, қўшнилар Диляни бақиргани эшитиб уйга деразаси ойнасини белкурак билан уриб синдириб, дераза орқали хонага кириб Девидни тўхтатиб қолганлиги натижасида Девид жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмай қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилган.

Суд судланувчи, жабрланувчи, гувоҳлар кўрсатуви ва жиноят иши тўпланган чизма ва фотосуратлар, судга оид тиббий экспертизасининг хулосалари, нарсани олиш тўғрисида ҳамда нарсани кўздан кечириш ҳақидаги баённомалар ва юзлаштириш баённомалари ҳамда ишда тўпланган ва судда текшириб чиқилган бошқа объектив далиллар билан тўлиқ исботланган.

Девид Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25-моддаси орқали 97-модда 1-қисми ва 140-модда 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 7 (етти) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жабрланувчига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни судланувчидан ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Зеро жиноят учун жазо муқаррар, жазо жиноятчини қўрқитиш учун эмас, балким тузалиш йўлига ўтиш учундир.

Зокир Раззақович Худайбердиев,

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман суди раиси

Улашинг: