«Совет давлати байроғи Тошкентнинг қоқ марказида баланд кўтарилиши ўзбек халқига нисбатан ҳақорат» — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» партияси 1 май куни Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» (собиқ «Истиқлол») санъат саройи олдида ташкил этилган очиқ концерт вақтида Совет Иттифоқи байроғи кўтарилганини кескин қоралайди. Партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг қўшимча қилишича, бу қизил байроқнинг кўтарилиши «ғаразли провокация» бўлган.

«Биз санъатга қарши эмасмиз, санъатни сиёсатга қурол қилинишига қаршимиз. Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаймиз», — деб ёзган Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Бош прокуратурадан «бу провокация»га тегишли баҳо беришни сўраган.
Маълумот учун, 1 май куни «Истиқлол» санъат саройи олдидаги майдонда «Хор Турецкого» жамоаси ва Сопрано гуруҳининг «Ғалаба қўшиқлари» деб номланган концерт дастури тақдим этилган. Таъкидланишича, концерт дастури Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва «Россотрудничество»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Москва маъмурияти, Россия Ташқи ишлар вазирлиги, «Обшчее дело» хайрия фонди, Ўзбекистон ҳукумати ва Маданият вазирлиги кўмагида ўтказилган.

Концерт давомида ташрифчиларнинг бири томонидан Совет Иттифоқи байроғи баланд кўтарилган; «Россотрудничество» томонидан ушбу ҳолат акс этган суратнинг эълон қилиниши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида муҳокамаларга сабаб бўлган.

Улашинг: