Россияда Миграция хизмати ходими Ўзбекистон фуқаросини калтаклади

Россиянинг Томск шаҳрида Миграция хизмати ходими томонидан Ўзбекистон фуқароси калтакланди. Ҳолат акс этган видеоёзув 2 май куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Видеолавҳада Федерал хизмат ходимининг ўзбекистонлик эркакдан ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этишни сўрагани, эркакнинг эса уни кўрсатишни хоҳламаслиги, чунки паспортнинг ўзи етарли эканини айтгани акс этган.

Натижада ходим Ўзбекистон фуқаросини хонага олиб бориб, хизматнинг бошқа мижозлари олдида калтаклаган. Vesti.ru нашрининг ёзишича, жабрланувчи дарҳол полицияга ариза билан мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муносабат билдирди. Хабарда қайд этилишича, ушбу ҳолатга аниқлик киритиш, шунингдек ҳар томонлама ва объектив текширув ўтказиш юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси томонидан Россиянинг ваколатли идораларига тегишли сўровномалар юборилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, Россиянинг Тергов қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ушбу воқеа бўйича текширув ишларини бошлаган, дейилади хабарда.

Агентлик амалга оширилган ишлар натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Улашинг: