«Расул Кушербаев иши» бўйича даъво аризаси қабул қилинмаслиги ёки қайтарилиши ҳам мумкин…

Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмасининг парламент Қуйи палатаси депутати Расул Кушербаев устидан судга киритган даъво аризаси иш юритишга қабул қилинмаслиги ёки қайтарилиши ҳам мумкин.

Бу ҳақда 4 май куни Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов маълум қилди.

Шуҳрат Аббасовнинг таъкидлашича, Фуқаролик процессуал кодексининг 192-моддасига мувофиқ даъво аризаси киритилганидан кейин 10 кунлик муддатда судья аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги масалани ҳал қилади. 

“Кушербаев иши ҳозирда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик масаласини ҳал этиш босқичида”, – дейди Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари. 

Шунингдек, Шуҳрат Аббасов депутатга нисбатан киритилган даъво аризасининг қанчалик асосли ёки асоссиз эканлиги борасидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Қонунга кўра, ҳар қандай шахс бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга даъво аризалари билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризанинг асосли ёки асоссиз эканлиги ишни кўриш якуни бўйича қабул қилинадиган суд ҳужжатидагина акс эттирилади. Шу сабабдан ҳеч кимни ҳали иши кўрилмасдан туриб, асоссиз даъво қилаётганликда айблаб бўлмайди. Судларимиз ҳам бу ҳолатда даъво аризасини қабул қилишни рад қилишга ҳақли эмас”,  – деди Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов.

Улашинг: