Россия қўшинлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштириладими? Мудофаа вазирлиги жавоб берди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси халқимиз ҳаётини яхшилаш, минтақамиз ва дунёдаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган фаол ташқи ва ички сиёсатни юритмоқда. Иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа тармоқларда, жумладан, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик ривожланмоқда. 

Бироқ, интернет тармоғидаги айрим сайтлар жорий йил 27-28 апрель кунлари Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали С.К. Шойгунинг Ўзбекистонга  ташрифи якунлари бўйича қуйидаги саволларни бера бошлади:

Стратегик шериклик доирасида Россия қўшинларининг Ўзбекистонга киритилиш эҳтимоли борлигидан хавфсираш.

Россиядаги ҳарбий тўқнашувларга Ўзбекистон Республикасининг аралашиш эҳтимолининг борлиги.

Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон  ташқи сиёсатига салбий баҳо бериш эҳтимоли.

Россиянинг Ўзбекистонга таъсири  кучайиб бораётганидан  норозилик.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурати. 

Қайд  этиш жоизки, ушбу барча хавотирлар мутлақо асоссиз ва ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йил), Ташқи сиёсий фаолият концепцияси (2012 йил), Мудофаа доктринаси (2018 йил) каби мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларда бу саволларга  аниқ жавоблар келтирилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасида қуйидагича ёзилган:

“Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган:

ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; 

Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги».

Шу нуқтаи назардан Россия қўшинларининг Ўзбекистонга киритилиши ҳамда Россиянинг ҳарбий тўқнашувларига Ўзбекистоннинг аралашиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни бўрттириш асоссиздир. 

Иккинчидан, Ўзбекистон – ўзининг ички ва ташқи сиёсатини ўзи белгилайдиган суверен давлатдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир…”

Шу боис ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон  ташқи сиёсатига салбий баҳо бериши мумкинлигидан қўрқиш, Россиянинг Ўзбекистонга таъсирининг  кучайиб бораётганидан  норозилик ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги талаблар ҳам ўзини оқламайди. 

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси билан ҳам, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, АҚШ билан ҳам ҳамкорлиги ишонч, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган. 

Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирликлари ўртасида кенгайтирилган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, у қуролли кучлар фаолиятининг турли йўналишлари бўйича ҳамкорликни юритиш ва фаоллаштириш имконини беради. 

Бундай ҳамкорликнинг асосини авваломбор, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2004 йил 16 июлда имзоланган Стратегик  шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ташкил этади. 

Бугунги кунда Россия Ўзбекистон аҳолисининг тинч ҳаётини таъминлаш, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш бўйича шерик бўлиб қолмоқда.

Бундан шундай хулоса келиб чиқади: икки мамлакат Мудофаа вазирликлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш  Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир, Россия Федерацияси билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон Республикаси учун турли оқибатлари тўғрисидаги бир ёқлама мулоҳазалар асоссиздир. 

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий

 коммуникациялар  департаменти

Улашинг: