«Зулейҳа» сериалини суратга олиш жараёнида катта жанжал юз берди

Барча учун севимли бўлган «Зулейҳа» сериалини суратга олиш майдончасида кескин вазият ҳукм сурмоқда. Сериал актёрлари Мурат Уналмиш ва Керем Алишик орасида келишмовчиликлар пайдо бўлган, деб ёзади «КиноТека».

Ажойиб воқеаларга бой «Зулейҳа» сериали 3 мавсумда экран юзини кўрди ва ёзги таътилдан сўнг янги мавсумни давом эттиради. Сериал сюжети 1960 йилларда содир бўлгани сабабли ўша даврга мос тарихий бинолар билан бутун шаҳарча қурилган. Шаҳарча марказдан узоқда жойлашган, шунинг учун актёрлар ва жамоа суратга олиш майдончасини тарк этмайди. Улар яқин атрофдаги меҳмонхонада яшайди ва ҳамиша бирга бўлади. Шунинг учун ҳам суратга олиш жараёнидаги чарчоқдан сўнг тез-тез тушунмовчиликлар юз беради.

Бу сафар икки таниқли актёр Мурат Уналмиш (Демир) ва Керем Алишик (Фекели) ўртасида катта жанжал келиб чиққан. Жанжал шунчалар жиддийлигидан Мурат Керемни ҳақорат учун судга берди.

Журналист Бирсен Алтунташнинг сўзларига кўра, воқеа қуйидагича содир бўлган. 2021 йил 24 апрель куни «Зулейҳа» сериалидаги отишма саҳнаси Караахметли қишлоғида суратга олинган. Суратга олиш жараёнида Керем ва Мурат ўртасида низо келиб чиққан. Керем сценарийга киритган ўзгаришни Мурат ёқтирмаган. Шундан сўнг улар матн борасида баҳслаша бошлаган ва Мурат Керемни сценарийни ўз хоҳишига кўра ўзгартирганликда айблаган. Низо вақтида Керем Муратни ҳақоратлашгача борган.

Актёрларни тинчлантиришнинг иложи йўқлигини пайқаган режиссёр ўша вақтнинг ўзида жараённи тўхтатди ва бир кунлик танаффус эълон қилди. Аввалроқ ҳам Керем ва Мурат ўртасида келишмовчилик пайдо бўлганида сериал продюсери Тимур Савжи уларни тинчлантирган эди.

Аммо бу сафар Муратнинг нияти жиддий ва у Керем Алишикка қарши «шаън ва қадр-қимматни ҳақорат қилиш» моддаси бўйича судга мурожаат қилди. Сериал актёр ва актрисалари воқеа гувоҳлари сифатида кўрсатма беришга рози, аммо ким қайси томонни қўллаб-қувватлаши ҳали аниқ эмас.
Кўриб турганингиздек, суратга олиш майдончасидаги воқеалар «Зулейҳа» сериали сюжетига қараганда анча қизғин кечмоқда.

Улашинг: