Mактаб ўқувчиси 36 яшар аёлни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборди

Фото: «Дарё»

Наманганда мактаб ўқувчиси 36 яшар аёлни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Жорий йил 31 март куни Тўрақўрғон туманидаги «Узумзор» маҳалласида яшовчи фуқаро ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, 1985 йилда туғилган синглиси Дилдора Муродова (исм-шарифлар шартли) уч кун аввал соат 18:30 атрофида яшаш хонадонидан чиқиб кетиб, қайтиб келмагани ва бедарак йўқолганини маълум қилган. Уни қидириб топишда амалий ёрдам сўраган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан иш юритувга олинган.

Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида ўша куни аёлни «Соҳилобод» маҳалласида яшовчи, 2003 йилда туғилган, 23-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ҳусан Жамолов (исм-шарифлар шартли) Nexia автомашинасида олиб кетгани аниқланган.

«Маълум бўлишича, Ҳусан Дилдоранинг илтимосига кўра, уни ‘Қодиробод’ маҳалласи ҳудудидаги ‘Олтин балиқ’ ошхонасига олиб борган. Йўлда кетаётганларида аёл унинг опаси ҳақида ножўя гапларни айтади. Бундан дарғазаб бўлган ўсмир аввал қўллари билан унинг юзи ва бошига уради. Машинадан тушиб қочиб кетаётганда қувиб етиб олиб, ерга йиқитиб, автомобилда бўлган болғача билан унинг бош соҳасига бир неча маротаба зарба беради. Д.Муродованинг ўлганига ишонч ҳосил қилиб, жасадни автомашина юкхонасига ортади. ‘Узумзор’ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Шимолий Фарғона каналига олиб келиб, сувга ташлаб юборади», — дейди Тўрақўрғон тумани ИИБ жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили, катта лейтенант Шавкат Қосимов.

Мазкур ҳодисадан 20 кун ўтиб, яъни, 2021 йил 17 -прел куни Поп тумани, «Анҳор» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган Шимолий Фарғона каналининг 5-километрида жойлашган 4-бўлим «Чортоқ усти» сув олиш иншоотидан Д.Муродованинг бош соҳасидаги тан жароҳатлари билан жасади топилади. Ҳозирда ушбу жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Улашинг: