Бахтиёр Ашурматов: «VAR’дан фойдаланиш ўзбекистонлик ҳакамларга эмас шекилли»

Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган «Пахтакор» — «Қўқон-1912» (3:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларини билдирди.
«Авваламбор халқимизни, мухлисларимизни кириб келаётган Ҳайит байрами билан табриклайман. Доимо соғ бўлишсин. Баҳсни ёмон бошламадик, «Пахтакор»га қарши ўйинда чуқур ҳимояда ўйнаш барибир эртами-кечми панд бериши мумкин эди. Шу боис икки нафар ҳужумчи билан ўйинни бошладик. Голгача бизда иккита-учта имконият бўлди. «Пахтакор» эса илк хавфли ҳужумни гол билан тугатишди ва шундан кейин рақибларда ўзига бўлган ишонч ортди. Бугунги ғалабага сабаб — «Пахтакор» сафида маҳоратли футболчиларнинг кўплиги.

Тўп назоратини «Пахтакор»га бериб қўйсангиз барибир гол ўтказардик. Мағлубиятдан кейин мураббий нотўғри тактика танлаган бўлиб чиқади. Аммо ҳисоб очилгунга қадар биз кўпроқ вазиятлар яратдик. Ўша гол ўйинда туб бурилиш ясади. Балки бир ҳужумчи билан тушиб, асосий урғуни ҳимояга беришимиз ҳам мумкин эди. Аммо айтганимдек «Пахтакор» бундай ўйинларда барибир ижобий натижага эришарди.

Музаффар Абдуллаев бу мавсум ишончли ўйнаб келаётганди, афсуски «Андижон» билан баҳсда олган жароҳати бугун майдонга тушишига имкон бермади. Умид қиламанки кейинги ўйингача Абдуллаев сафимизга қайтади. Таркибимизда 3 нафар дарвозабон бор, навбатдаги баҳсда қайси дарвозабон тушишини ўйинга яқин аниқлаймиз.

Ҳужумни кучайтиришимиз керак. Норбеков ва Мелиев кўплаб имкониятларга эга бўлишмоқда. Вазиятлардан фойдалана олмаслик асосий муаммоларимиздан бири бўлиб турибди. Балки ёзда ҳозирги ҳужумчиларимиз ёнига «гол ҳидини сезадиган» ҳужумчи олиб келармиз. Бир вақтлар «Пахтакор»да Игорь Шквирин шундай эди.

«Пахтакор» балки ўтган йилгидек таркиби кучли эмасдир, аммо ёш футболчилар яхши ҳаракат қилишмоқда.

Асосий таркибни танлашда мен ва мураббийлар штаби айрим хатоларга йўл қўйдик. Чунки «Пахтакор»дек жамоага қарши ўйнаганда бир футболчи ўйин темпидан тушиб қолса бу жуда ҳам катта йўқотиш бўлади. Биринчи таймда баъзи футболчилар жисмоний томонлама тайёр эмаслиги кўринди.

Биринчи пас узатишда кўп хатога йўл қўймоқдамиз. Тўпни назорат қилишда бошқаларга нисбатан бўшроқ. Олдин ҳам айтгандим Қувондиқ Рўзиевдек футболчи йўқ, унинг кетиши катта йўқотиш бўлди. Таркибимизда Бамбадан ташқари биронта ижрочи йўқ. Мерзляков ва Холмуҳаммедов каби футболчилар жонини бериб ўйнмоқда. Нега кимдир бор кучи билан ўйнайдию, кимдир 60 фоиз куч билан ўйнайди?

VAR’дан фойдаланиш ўзбекистонлик ҳакамларга эмас шекилли. Тўп аутга чиқиб кетса ҳам тўхтатиб эшитмоқда ёки ҳар бир вазиятга…биринчи таймда 5-6 марта тўхталиш бўлди. Бу ўйин темпи тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Қизил карточка, пенальти ва ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда VAR ишлатилади. Яна бир нарса ўйинда ҳисоб 3:0 ва ҳакамлар учрашувга 6 дақиқа қўшишмоқда. Германия ёки Испанияда эътибор қилсанглар ҳисоб йирик бўлса камроқ вақт қўшилади. Тахмин қиламан агар сўнгги дақиқаларда ҳисоб 1:0 бўлиб турганида 3 дақиқа қўшиларди ва баҳс тезроқ тугатиларди. Тушунарсиз ҳолат лекин нима бўлганда ҳам айб ўзимизда деб ўйлайман», — дейди Бахтиёр Ашурматов.

Улашинг: