«Мактабдаги аҳволни кўрса, одам тавба деб юборади» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Мени нима қийнайди десангиз, айтаман: мактабдаги шароит. Мактабдаги аҳволларни кўрса, одам тавба деб юборади. Шу 4 йилда мактабга жуда кўп эътибор бердик, аммо муаммолар ҳали ҳам кўп. Камчиликларни 27 йил кўриб-кўрмасликка олганмиз. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанддаги мактабларнинг аҳволини яхши биламан.

Учинчи Ренессансга пойдевор қуряпмиз, деяпмиз. Агар маблағларни тўғри сарфлаб, келажагимиз бўлган мактабларга биринчи навбатда йўналтирмасак, китобини, шароитини, ўқитувчининг иш ҳақини жой-жойига қўймасак, ниятимизга эриша олмаймиз.

Ҳозирнинг ўзида мактабни таъмирлаш, уёқ-буёғини суваш учун 30 триллион сўм керак бўляпти. Бир пайтлар партани олиб бориб қўйиб, мактаб филиаллари очилган. Бу ҳозир катта муаммога айланяпти: бундай мактаблар филиалларида ўқиган болаларнинг билими, ўқитувчиларнинг савияси, ойлиги, шароити қандай бўлади – бунга жавоб йўқ. Бу фақат мактаб таълимининг ўзидаги муаммолар. Шерматов (Халқ таълими вазири)ни олдимга чақирсам, шароитни яхшилаш учун 30 триллион маблағ керак, деяпти. Бу китоб-у партасини ҳисобга олинмаганда, фақат таъмирлаш учун кетадиган маблағ. Хаджибаев (соғлиқни сақлаш вазири)ни чақирсам, 60 триллион сўм керак, деяпти. Бу пулларни қаердан оламиз?» ,- деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бу каби йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун аввало ўз вақтида солиқ тушумларини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Маблағларни мақсадли сарфлаш назоратини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Улашинг: