Такси ҳайдовчисига тош билан ҳужум қилиб, ёнидаги 4800 долларни олиб қочган шахс қўлга олинди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида такси ҳайдовчисига ҳужум қилиб, ёнидаги пулларни талон-торож қилган шахс ушланди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 8 май куни соат 08:00 ларда 33 ёшли Ш.А. ўзининг бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинасига таниши 25 ёшли С.Ш. ва икки нафар фуқарони йўловчи сифатида олиб, Тошкент шаҳрига кетаётганларида М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг Янгийўл тумани «Чаманзор» маҳалласи ҳудудида С.Ш. Ш.А.дан автомашинасини тўхтатишини сўраб, унинг чалғиганлигидан фойдаланиб, тош бўлаги билан бошига бир неча маротаба уриб, ёнида бўлган 4800 АҚШ доллари пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни содир қилган С.Ш. процессуал тартибда ушланиб, босқинчилик йўли билан қўлга киритган пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида С.Ш. Ш.А. йўлда кетаётганида Тошкент шаҳрига почта олганлигини кўриб, ушбу почтани қўлга киритиш мақсадида босқинчилик жиноятини содир қилганлиги аниқланган. Бундан ташқари автомашинада бўлган икки йўловчи ҳолатни кўриб, қўрқиб қочиб кетганлиги аниқланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Улашинг: