Тошкент метросида яна муаммо. Бу сафар йўловчилар тушириб юборилди

Тошкент метрополитени «Амир Темур хиёбони» бекатида барча йўловчилар тушириб юборилди, ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видеолар тарқалди.

Воқеа жойида бўлган UzReport’нинг маълум қилишича, 13 май куни соат 10:30 лар атрофида «Буюк ипак йўли» бекатида йўловчилар, тахминан, 30-40 дақиқа атрофида поезд келишини кутган. Ярим соатлик кутиш натижасида метрополитен бекатида жуда кўп одам йиғилиб қолган. Шундан сўнг поезд тескари томонга ҳаракатланиб, йўловчиларни «Амир Темур хиёбони» бекатигача олиб келган.

«Ҳамид Олимжон» бекатидан «Амир Темур хиёбони» бекатигача бўлган оралиқда поезд тўхтаб қолган. Аммо машинист поезд ҳаракатда давом этишини маълум қилган ва бир дақиқа ичида ҳаракат давом этган.

«Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ҳолат юзасидан берган изоҳида айтилишича, шу куни Чилонзор йўналишида техник-профилактика ишлари олиб борилиши муносабати билан соат 10:30 дан 11:00 гача поездлар айланмаси «Амир Темур хиёбони» бекатига амалга оширилган.

Поездлар Сергели йўналишининг «5-бекат»дан «Амир Темур хиёбони» бекатигача график асосида ҳаракатланиб, «Амир Темур хиёбони» бекатидан «Буюк ипак йўли» бекатигача поездлар бир томонлама ҳаракатланган.

Қайд этилишича, айни пайтда поездлар ўрнатилган тартибда ва ҳаракат жадвалига асосан ҳаракатланмоқда.

Улашинг: