Исроил ҲАМАС махсус операциялари штаби бошлиғининг уйига зарба берди (видео)

Исроил Ғазо секторида ҲАМАСнинг «Ал-Фаркаин» баталёни қўмондони Ҳолид Манамаранинг уйига зарба берди, деб ёзади «РБК» Исроил армияси Twitter’ига таяниб.

«Исроил Мудофаа армияси қирувчи самолёти ҲАМАС террорчилик ташкилотининг ‘Ал-Фаркаин’ баталёни командири Ҳолид Манамаранинг уйига зарба берди», — дейилади хабарда.
Ҳарбийлар қайд этишича, Исроил Ғазо секторида ҲАМАС объектларига ҳужум қилишда давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил армияси Ғазо секторидаги ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарининг ўринбосари Халил ал-Хаийнинг уйига зарба бергани хабар қилинган эди. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, ушбу бино «террорчилик инфратузилмаси» сифатида қўлланилган.

Шунингдек, 15 май куни Исроил кучлари Ғазода ҲАМАС ҳарбий разведкаси фойдаланган кўп қаватли бинони вайрон қилди, у ерда Al Jazeera телеканали ва Associated Press агентлиги каби ОАВларнинг идоралари ҳам жойлашган эди.

Фаластин-Исроил низосининг 2014 йилдан буён кузатилган энг кучли авж олиши май ойида Исроил ҳукуматининг Қуддусда бир қатор араб оилаларини кўчириб юбориш қароридан кейин бошланди. Бу норозиликларни келтириб чиқарди ҳамда Қуддусда араб намойишчилар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди.

Вазиятга ҲАМАС аралашди. Исроил унинг полицияни олиб кетиш ҳақидаги талабларини бажармаганидан кейин, гуруҳ ракеталар отишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини ўққа тутди.

Улашинг: