XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳақида гапирди

    Май 16, 2021

    Президент Шавкат Мирзиёев 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатнинг ташқи қарзи масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.

    Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, хорижий молия институтлари ва халқаро банклардан олинган кредитлар иқтисодиёт ва одамлар ҳаётини ривожлантиришга қаратилган.

    «Ҳамма ташқи қарзимиз ўсиб бораётганини айтмоқда. Агар биз чет элдан кредит олмаганимизда, иқтисодиётимизни шу даражага кўтара олармидик? Биз ички ва ташқи пулларни ижтимоий-иқтисодий ҳаётни ўзгартириш учун сарфлаяпмиз… Агар ҳокимлар бугунги кунда дунёқарашини ўзгартирмаса, ишдан кетади. Улар ҳатто пул қаердан ва ниманинг ҳисобига келаётганини ҳам билмайди», — деган у.

    Шавкат Мирзиёев охирги уч йил ичида ҳудудий дастурлар доирасида 16 триллион сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоиз пул тушумлари банкдан ташқари айланаётганини айтди. Жорий йилги 11,5 триллион сўмлик 2600 та лойиҳа пул тушумларининг 80 фоизи эса банкдан ташқарида муомалада.

    Президентнинг фикрича, ушбу лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, «кўзбўямачилик» учун амалга ошириляпти. Давлат раҳбари ушбу корхоналарни «соядан» чиқариш ва кредитларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатишни топширди.
    «Агар эскича фикрлашда давом этсак, эртага кеч бўлади…  Биз шунча маблағни нимага ажратяпмиз? Одамлар, иқтисодиёт пул кўриши, ривожланиши учун. Бу нарсаларни тўғри тушунмайдиган ва ҳеч қандай чоралар кўрмайдиган раҳбарлар ишдан олинади… Нега мен фонд бозори ривожланиши ҳақида гапиряпман? Мақсад — бозорни, соғлом рақобат ва тенг ҳуқуқли иқтисодиётни ривожлантириш», — деган Президент.

    Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 33,8 миллиард долларни (ЯИМнинг 59 фоизни) ташкил этади. Бу ўтган йилга нисбатан 37,4 фоиз ёки 9,2 миллиард долларга кўпдир.

    Ташқи қарзда давлат қарзи улуши 21,3 миллиард долларни ташкил қилган (ЯИМнинг 41 фоиз атрофида — макроиқтисодий барқарорлик учун 60 фоиз атрофида бўлиши хавфсиз ҳисобланади). Аксарияти давлат улушига эга бўлган хусусий секторнинг (банк, нефть-газ, энергетика, тўқимачилик ва бошқалар) қарздорлиги эса 12,5 миллиард долларга тенг.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!