Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Tarlon зирҳли йўлтанламаси синови бошланди

Ўзбекистонда Tarlon енгил зирҳланган йўлтанламасини синовдан ўтказиш бошланди. Машина сиғими 11 кишини ташкил этиб, ҳимоя синфи халқаро стандартларга жавоб беради.

Ўзбекистон мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар буюртмасига мувофиқ Tarlon енгил зирҳланган автомобилини синовдан ўтказишни бошлади, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Мазкур автомобиль Мудофаа саноати комплекси корхоналарида лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган бўлиб, замонавий талабларга жавоб берадиган куч тузилмалари вазирлик ва идораларининг бир гуруҳ мутахассислари томонидан қўшинлар синовидан ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирларнинг дастлабки босқичида Tarlon`нинг баллистик ҳимояси белгиланган стандартлар асосида текширилади, юриш ва турли тўсиқлардан ўтиш қобилияти республикамизнининг тоғ-адир ва кесишган зоналарида синовдан ўтказилади.

Барча ғилдираклари етакчи бўлган йўлтанламас 300 от кучига эга бўлиб, 11 нафаргача кишини сиғдиради, зирҳли пўлатдан тайёрланган ҳимоя синфи СНГ ГОСТ (4 Бр) ва NATO Stanag (3+ даража) халқаро стандартларига жавоб беради. Бир марталик захира ёқилғи билан 750 км гача масофани босиб ўта олади.

Машина колонналар, санитар ташишларни қўриқлаш ва уларга ҳамроҳлик қилиш, муҳандислик, радиацион, кимёвий ва биологик разведка олиб бориш, ўт очишни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.

Улашинг: