61 ёшли эркакнинг беҳаё суратларини интернетда тарқатмаслик учун 2 млн сўм сўраган «аёл» ушланди

Наманганда ижтимоий тармоқларнинг бирида аёл номидан аккаунт очиб, 61 ёшли эркакдан пул ундирмоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 61 ёшли фуқаро Ш.З. ИИБга 19 май куни «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали «Феруза Қўчқорова» номли профил эгаси ундан пул талаб қилаётганини маълум қилади.

Аниқланишича, у «Феруза» билан ўзаро SMS-хабар ва беҳаё суратларини алмашган. Кейинроқ «Феруза Қўчқорова» унинг суратларини тарқатмаслик учун 2 миллион сўм талаб қилган.

22 май куни Наманган шаҳри «Чорсу» маҳалласида «Қ.» исмли шахс Ш.З.дан сўралган пулларни товламачилик йўли билан олганида ушланган. «Феруза Қўчқорова» профил эгаси 47 ёшли фуқаро А.Қ.нинг ўзи бўлиб чиққан.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.

Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Улашинг: