Сирдарёда қаровсиз ва таъминотсиз қолган ота икки ўғлини судга берди

Боёвут туманида қаровсиз ва таъминотсиз қолган ота икки нафар фарзанди устидан шикоят билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармасига таяниб, ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг 2019 йил 25 июндаги қарздорлар – ака-ука Б.Б. ва Ў.Б.нинг ҳар биридан ундирувчи Й.Б.нинг фойдасига ҳар ойда, ҳар биридан қатъий суммада – 120 минг сўмдан (нафақа) алимент пули ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2019 йилнинг 4 июлида Мажбурий ижро бюросининг Боёвут туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасига кўра, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорлар таништирилган. Давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 5 январда қарздорларнинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Ижро ҳаракатлари давомида 2021 йилнинг 7 май куни фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро суди ва МИБнинг Боёвут туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ота-болалар, яъни ундирувчи Й.Б. қарздор фарзандлар – ака-ука Б.Б. ва Ў.Б.ни яраштирилиб, суднинг 2021 йил 7 майдаги ажрими билан ижро иши тугатилган.

Улашинг: