Ўзбекистон АҚШ ҳарбий базасини қабул қиладими? Москвадан жавоб…

    Июн 1, 2021
    Фото:«AP»

    Жорий йил 8 май куни «The Wall Street Journal» нашри АҚШ Афғонистондан олиб чиқаётган ҳарбийларини Марказий Осиё ёки Яқин Шарққа жойлаштириш имкониятларини ўрганаётгани, бу борада Ўзбекистон ёхуд Тожикистон энг мақбул вариант бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди.

    Ушбу хабар ортидан сиёсатшунослар Ўзбекистон АҚШ ҳарбий базасини яна қайта ўз ҳудудига қўядими деган саволни муҳокама эта бошлади. Жумладан, Москва Карнеги маркази ҳам бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.

    Мақолада қайд этилишича, 2016 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳарбий алоқалари жонланди. 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев Вашингтонда тарихда илк бор АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзолади. Шу тариқа кейинги йилларда Ўзбекистон ҳамда АҚШ ҳарбийлари ҳамкорликда ўқув машғулотлари ўтказмоқда. Расмий Тошкент Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича дипломатик фаоллик кўрсатмоқда. Ўзбекистон раҳбариятининг бу борадаги жонбозлиги АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен томонидан ҳам эътироф этилди.

    «Аммо АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистонга жойлаштириш масаласи Москва ва Пекиннинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкин… Қолаверса, ўзбек жамияти ҳар қандай хорижий давлат ҳарбийларининг жойлашувини ижобий қабул қилмаслиги турган гап. Россия мудофаа вазири Шойгунинг ташрифи сабаб мамлакатда Россия ҳарбий базаси пайдо бўлиши ҳақида овоза тарқалди. Бу эса жамоатчиликда норозилик уйғотди ва пировардида Ўзбекистон ҳукумати расман раддия беришига тўғри келди.  Америка базаси борасида вазият янада мураккаброқ тус олиши мумкин – сўровларга кўра, ўзбек жамиятида АҚШ сиёсати Россия ёки Хитойга қараганда камроқ эътибор қозонган», – деб ёзади мақола муаллифи.

    20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этмоқда. Президент Жо Байден АҚШ қўшини 11 сентябрга қадар афғон заминини тўлиқ тарк этишини маълум қилган. Толибон ҳаракати ҳамда АҚШ томони имзолаган битимга мувофиқ, Қўшма Штатлар ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетади, Толибон ҳаракати эса Афғонистон ҳукумати билан тинчлик йўлида музокаралар олиб боради.

    АҚШ қўшини Ўзбекистонга жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалгач, мамлакат мудофаа вазирлиги ҳам расмий раддия берди.
    «Мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларда бу масалада аниқ ва лўнда жавоб берилган: Ўзбекистон ҳудудида хорижий ҳарбий база ва объектлар жойлаштирилишига йўл қўйилмайди», – деган Мудофаа вазирлиги вакили.

    Ушбу тамойил Конституция ҳамда ташқи сиёсат концепциясида мустаҳкамланган. 2018 йил январь ойида қабул қилинган Ўзбекистон Мудофаа доктринасида ҳам чет эл ҳарбий базалари ҳамда объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

    Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёда Қўшма Штатлар ҳарбий базаси жойлаштирилиши масаласи Москвада хавотир билан қарши олинган. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов «Известия» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳарбий база масаласида мулоқот қилинганини маълум қилган.  

    «Улар (Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари – таҳр.) бу (АҚШ ҳарбий базасини мамлакат ҳудудида жойлаштириш – таҳр.) имконсиз эканини билдиришди. Шу сабабли биз бу масалада жиддий қарши курашмасак ҳам бўлади», – деган президент Путиннинг Афғонистон бўйича вакили З.Кабулов.

    Дарвоқе, АҚШ ҳарбий базаси ҳақида муҳокамалар қизғин тусга кирган шу кунларда Толибон ҳаракати ҳам қўшни мамлакатларни хориж қуролли кучларини ўз ҳудудига жойлаштирмасликка чақирди.  

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудида 2001-2005 йилларда АҚШ ҳарбий базаси фаолият юритган. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида 2001 йил 7 октябрда имзоланган битимга кўра, Қарши–Хонобод аэродроми вақтинча Пентагон тасарруфига берилди. АҚШ мудофаа кучлари ҳарбий базадан Афғонистондаги операцияни қўллаб-қувватлаш, хусусан, қидирув-қутқарув ва гуманитар операциялар мақсадида фойдаланган.
    АҚШ президенти Дональд Трамп давлат раҳбари сифатидаги сўнгги соатларда Қарши–Хонобод базасида хизмат қилган барча ҳарбийларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккач, «К2» номи билан ҳам машҳур бўлган ҳарбий база жаҳон матбуоти эътиборига тушди.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!