Наманганлик аёлнинг ўзига ўт қўйиб вафот этиши ортидан МИБ ходими озодликдан маҳрум этилди

Jahon.uz”нинг ишончли манбаси хабарига кўра, ушбу ҳолат юзасидан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тугаб, иш суд тартибида кўрилди ва Мажбурий ижро бюроси Давлат ижрочисига нисбатан жазо тайинланди.

2020 йилнинг 29 сентябрь куни Муҳаббат Абдуваҳабовна Дедебаева ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳар, “Истиқбол” МФЙ, 9-Боғи-эрам кўчаси 34-уйдан мажбурий тартибда кўчиришга бўлган уриниш ортидан, 1985 йилда туғилган Гуландон Дедебаева ўзига бензин ёқилғисини сепиб, ёқиб юбориб, ўз жонига суиқасд қилган эди.

Гуландон Дедебаева олган куйиш жароҳатлари ортидан 2020 йил 30 сентябрь куни шифохонада вафот этди. Маълум бўлишича,она-бола фирибгарлик қурбони бўлган. Яъни, уларга уй 13 минг долларига сотилган бўлиб, якунда улар ҳам уйсиз ҳам пулсиз қолиб кетишган.

Сўнгра, уй эгаси суд орқали Муҳаббат Дедебаева ва унинг оила аъзоларини уйдан чиқаришга қарор қилган ва бу бўйича натижага эришган. “Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар Муҳаббат Дедебаева ва унинг оила аъзоларини мажбурий тартибда кўчириш ишлари бошланган.

Муҳаббат Дедебаева ва унинг оила аъзолари низоли хонадондан ихтиёрий равишда чиқишмагани ортидан, 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими Давлат ижрочиси Ж. Сотибхонов тахминан соат 10:20да тегишли тартибда мутассадди ташкилот вакиллари (Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-ИИБ, ФВВ ЁХБ Наманган шаҳар бўлими, МФЙ) ва холислар иштирокида мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширишга киришган.

Орада келиб чиқан тушунмовчилик сабаб, Гуландон Дедебаева яшаш хонадонидан 1,5 литр ҳажмдаги баклажкада бензин олиб чиқиб, уни бир қисмини устидан қўйган. У 13 минг АҚШ долларга ушбу уйни сотиб олгани, ҳозирда бошқа яшаш жойи йўқлигини, ушбу пуллар қайтарилса ўз ихтиёри билан хонадонни тарк этишлари маълум қилган. Акс ҳолда, ижро ҳаракатлари амалга оширилган тақдирда, ўз жонига қасд қилиш мақсадида ўзини ёқиб юборишини маълум қилган.

Ж. Сотибхонов у ўзини ёқиб юборишини такрок ва такрор таъкидлаши, қолаверса унинг ўша пайтдаги салбий таъсир остидаги беқарор руҳий, асабий ва серҳаяжон ҳолати сабаб ҳаёти юқори хавф остида тургани аён бўлгани ҳолда мажбурий ижро ҳаракатларига жалб қилинган Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҲПГ ТП профилактика инспектори ва бошқа иштирокчиларнинг бу ҳаракатларни бартараф этиш имкони йўқлиги учун ижро ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ҳақида бир неча бор билдирган талабларини инкор этиб, маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш чораларини кўрмасдан, юзага келган реал ҳолатга тўғри баҳо бермай, инсон соғлиги ва ҳаётига нисбатан бепарво муносабатда бўлиб, ижро ҳаракатларини давом эттириб, ижро ҳаракатларини тўхтатмаслигини, уни ва оиласини шу куннинг ўзида уйдан кўчиришини таъминлашини маълум қилиб, унга яқинлашганда у устидан бензин қўйиб ўзини ёқиб юборади ва оғир тан жароҳати олиб, саломатлигиа зарар етказилиб, ушбу жароҳатлар натижасида вафот этишига сабабчи бўлиб, унинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказганликда айбли деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ҳукмига кўра, Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими Давлат ижрочиси Ж. Сотибхонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 208-моддаси, 45-моддаси қўлланиб, 2 йил Прокуратура тизимида ишлашдан маҳрум қилинди ва унга нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

“Jahon.uz”га маълум бўлишича, шунингдек, Суд ҳукми билан ундан жарбланувчи фойдасига 44.390.000 сўм моддий ва 100.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.

Улашинг: