Шоҳжаҳон Эргашев ва Салимо Женго ўртасидаги жанг нега тўхтатилгани маълум бўлди

Жорий йилнинг 11 июнь куни Шоҳжаҳон Эргашев ҳамда танзаниялик Салимо Женго ўртасидаги жанг бўлиб ўтди. Жанг 3 дақиқага бормай Эргашев фойдасига якунланди.

Танзаниялик рақибга қарши кечган баҳсда ҳакам фарғоналик боксчининг кетма-кет зарбаларидан сўнг 1-раунддаёқ жангни тўхтатиб қўйди. Бу эса нафақат танзаниялик боксчи, балки жангни томоша қилишга келган мухлислар ва Шоҳжаҳоннинг жамоаси норозилигига ҳам сабаб бўлди. Маълумот учун, жангдан сўнг Шоҳжаҳон ўз Инстаграм саҳифасида “Мен судьядан норозиман” деган пост қолдирди.

Zamon.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказди. Исми ошкор этилмаслигини истаган манбага кўра, қуйидагилар маълум бўлди:

-Кеча гувоҳи бўлганингиздек, бўлиб ўтган жанг сўнггида Шоҳжахон Эргашевнинг рақиби “йўқ, мен хали яна жанг қиламан” деб бақирганча қолган. Берилган маълумотга кўра жанг жараёнида зарблардан Салимо Женгонинг кўз қорачиғи олдинга келиб қолган, буни судья кўрган ва дарҳол жангни тўхтатган. Агар Шоҳжахон Эргашев томонидан рақибига яна битта зарба берилса, унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин эди. Шунинг учун судя жангни тўхтатган. Буни табиийки кўпчилик нотўғри тушунди, ҳатто спортчининг ўзи ҳам тушунмай, аффект ҳолатда жангни давом эттиришини билдирган. Профессионал боксда судья қарори деган тушунча бор, масалан, спортчининг ҳаёти хавф остида бўлса, ҳаётини сақлаб қолишда қўлланилади. Бир сўз билан айтганда, судья томонидан профессионал ёндашилган. Чет эл спортчиси Ўзбекистонда оламдан ўтди деган нохуш гап бўлмасин дея нохуш ҳолатнинг олди олинди.

Улашинг: