“Кредитни мен тўласам-у, «дом» эримга қоладими?”

— Бундан бир йил олдин ипотекага уй олганмиз. Кредит менинг номимга, квартира эса эримнинг номига расмийлаштирилган. Эрим билан ўртада келишмовчиликлар чиқиб, ҳозирда ота-онамнинг уйидаман. У ажрашмоқчи. “Уй мени номимда, ҳеч қанақасига даъво қилолмайсан”, деди. Кредит қарзини мен тўласам-у, уй унга қоладими? Бу вазиятда қандай ҳақ-ҳуқуқим бор?

Д., Тошкент шаҳри

Мурожаатга Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВ жавоб берди:
— Уй-жой кодексининг 14-моддасига кўра, уй-жой облигацияларини олиш ва уларнинг қолган қийматини банк кредитлари ҳисобига тўлаш йўли билан қурилган ва олинган уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин вужудга келади.
Агар турмуш ўртоғингиз билан қонуний никоҳда бўлиб, бирга яшаган даврингизда кредит ҳисобига уй-жой сотиб олган бўлсангиз, ушбу уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида бўлишидан қатьи назар ушбу уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилганидан кейингина вужудга келади. Кредит тўлиқ қайтарилганидан кейин уй-жой cизнинг ёки турмуш ўртоғингизнинг номида эканлигидан қатъи назар cизларнинг умумий мулкингиз ҳисобланади. Бугунги кунда cизнинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз мавжуд.

Улашинг: