Абдулазиз Комилов Пентагон раҳбари билан учрашди

2021 йилнинг 1 июл куни Вашингтон шаҳрига Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида келган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида Пентагон раҳбари вазир Абдулазиз Комиловни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган.

Музокараларда мудофаа йўналишидаги, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Турли даражалар ва йўналишлардаги мунтазам мулоқот сабабли сўнгги йилларда Ўзбекистон-Америка алоқалари ижобий ўсиш суръатларини касб этаётганлиги, амалий мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон томонидан кўп йиллардан буён қўллаб-қувватланаётганини олқишлади ҳамда ушбу мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига интеграциясига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди, дейилади хабарда.

Улашинг: