Ўзбекистонда Twitter ва TikTok’нинг ишлаши секинлашди

Бугун, 2 июль куни эрталабдан ўзбекистонликлар Twitter ва TikTok платформаларига киришда муаммоларга дуч келмоқда.

Бу икки тармоқни Ўзбекистондан туриб очиш секинлашгани ҳақида кўплаб ижтимоий тармоқ фаоллари ёзмоқда. Шунингдек, Kun.uz сайти администраторлари ҳам сайтнинг Twitter ва TikTok платформаларига янгилик юклашда қийинчиликка дуч келмоқда.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) матбуот котиби TikTok ижтимоий тармоғида “нимадир бўлаётгани”ни рад этмади ва бир неча соатларда бу ҳақда расмий маълумот берилишини билдирди.

Downdetector маълумотига кўра, айни вақтда Twitter ва TikTok ишлашида глобал муаммолар кузатилмаяпти.

Кеча, 1 июл – Ёшлар кунида Тошкентдаги Ботаника боғида ёшлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб ҳаракатлар қилаётган ёшларни танқид қилиб, мутасаддиларга буни назоратга олиш кераклигини таъкидлаганди.

Улашинг: