Расул Кушербаев: «Бензин нархи кўтарилишда давом этмоқда. Мард масъулларимиздан изоҳ кутамиз…»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ёқилғи нархининг ошиши ва нефть маҳсулотлари талон-торожликлари ҳақида ўз муносабатини билдирди.

«Бензин нархи кўтарилишда давом этмоқда. Бу эса халқ хўжалигининг барча тармоқларида нарх ошишига таъсир қилади.

Масалан АИ-91 бензини АЁҚШларда бир литр учун 7200 сўмдан сотилишни бошлабди. Маҳаллий монополь заводимиздан чиқаётган автомобилларнинг аксарияти эса айнан ушбу марка бензинига мосланган.

Камига яқинда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Жиззах,Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 185,7 миллиард миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, Жиззах нефть базасида ўртача қиймати 146 млрд сўм, Бухоро нефть базасида ўртача қиймати 20,7 млрд сўм, Андижон нефть базасида ўртача қиймати 19 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари талон-тарож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари тегишли тартибда иш олиб боришади, дейилган эди.

Лекин шу кунга қадар, масалан энг кўп 146 млрд сўмлик талон-торожликка йўл қўйган Жиззах нефть базасидаги ҳолат бўйича на прокуратура ва на бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар чора кўрганини эшитмадик.

Жамоатчилик назоратининг субъекти, қолаверса халқ вакили сифатида шахсан бизга бу ишларга қай даражада ҳуқуқий баҳо берилганлиги қизиқ.

Ё бу ҳам ими-жимида ёпиб юборилдими?

Мард масъулларимиздан изоҳ кутамиз…» деб ёзади Кушербаев.

Улашинг: