Афғонистон президенти «Толибон» ҳаракатига мурожаат қилди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани «Толибон» ҳаракатига мурожаат қилиб, чет элликлар билан эмас, балки ҳукумат билан музокара ўтказишга чақирди. Бу ҳақда «Ariana News» хабар берди.

Келтирилишича, Ғани Хост халқаро аэропортининг очилиш маросимида «Толибон» ҳаракати чет элликларнинг манфаатлари учун курашаётганини айтган.

«»Толибон», Ислом қоидаларини қабул қиласизми? Ундай бўлса, музокаралар учун келинг. Аммо сиз буни рад этиб, АҚШ келишувини афзал кўрдингиз. АҚШ битими Ислом қонунларидан устунми? Энди АҚШ мамлакатдан кетганидан кейин сиз ким билан келишасиз: сизнинг маҳбусларингизни ким озод қилиши мумкин деб ўйлайсиз?» — деган Афғонистон президенти.

Шунингдек, у мамлакат бўйлаб давом этаётган урушда «Толибон» ҳаракатини айблаган ва уни «Дюранд чизиғи»ни халқаро чегара сифатида тан олмасликка чақирган. «Сиз ким учун курашаяпсиз? Афғонистон учунми? Ёки Афғонистон бошқалар томонидан назорат қилинишини хоҳлайсизми», — деган Ғани «Толибон» ҳаракатига юзланиб.

«Агар сиз Афғонистонни яхши кўрсангиз, у ҳолда мажбуриятларингизни ‘Дюранд чизиғи’ни тан олмаслик билан кўрсатинг. Афғонистонни иқтисодий ва савдо чорраҳасидан бир томонлама йўлакчага айлантирмасликка ишонч ҳосил қилинг, бошқаларнинг хизматкори бўлмаслик мажбуриятини олинг», — дея қўшимча қилган у. Давлат раҳбари, шунингдек, «Толибон» ҳаракатини хуружларни тўхтатишга ва инфратузилма иншоотларини бузмасликка чақирган.

«Биз ҳамма билан тинчлик ўрнатишни хоҳлаймиз. Агар 200 дан 400 ёки 600 гача киши ўлдирилса, бинолар ёниб кетса ва инфратузилма ҳар куни бузилса, бу кимга фойда келтиради?» — дея таъкидлаган Ашраф Ғани.

Улашинг: