«Мен тизимга ишонмайман» — президент

Президент видеоселекторда «Ўзсаноатқурилишбанк» ходимларидан бири катта миқдордаги талон-тарожда айбланиб, ҳибсга олинганини маълум қилди. Ҳар бир банк раҳбарига «нимада айбланаётганини кўриш, фарзандаларини кўз олдиги келтириши учун» суд жараёнида иштирок этиш таклиф қилинди. «Мен Мамаризо Нурмуратовга ишонаман, лекин унинг тизимига ишонмайман», — деди президент.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума кунги маҳаллий саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида банк соҳасидаги коррупция масалаларига тўхталди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк» ходимларидан бири катта миқдордаги талон-тарожда айбланиб, ҳибсга олинган. Президент ҳар бир банк раҳбарига «нимада айбланаётганини кўриш, фарзандларини кўз олдига келтириши учун» суд жараёнида иштирок этишни таклиф қилди.

«Мен Мамаризо Нурмуратовга [Марказий банк раиси] ишонаман, лекин унинг тизимига ишонмайман», — деди президент.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров МБ раҳбари билан биргаликда бир ой ичида «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ипотекабанк»ни «коррупциядан ҳоли банкка» айлантириши кераклиги таъкидланди. «Уларнинг тажрибасида антикоррупцион сиёсат бошқа банкларда ҳам жорий қилинади», — дея қўшимча қилди президент.

Шавкат Мирзиёев биринчи поғона раҳбарлари ўз соҳаларидаги коррупция учун жавоб беришлари ҳақида огоҳлантирди.

«Биз барибир талон-тарож қилаётганларнинг тагига етамиз. Орқага йўл йўқ. Бюджет маблағларини талон-тарож қилаётганлар — сиёсатга хиёнат қилади. Коррупцияни илдизи билан қуритмас эканмиз, натижаларга эриша олмаймиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

22 апрель кунги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев «жуда катта коррупцияга берилиб кетган» раҳбарларни охирги марта огоҳлантирган эди. Президент Самарқанд ва Андижон мисолида мутасаддиларни коррупцияга қарши етарлича кураш олиб борилмаётгани учун танқид қилди.

Улашинг: