Мудҳиш жиноят! Навоийда шифокор янги туғилган гўдакнинг умрига зомин бўлди

Жамиятимизда шифокорлар азалдан қадрланиб, эъзозланиб келинади. Чунки, улар дард билан курашаётган беморларнинг ҳаётини сақлайди, умри узайишига хизмат қилади. Бироқ, “гуруч – курмаксиз бўлмайди” деганларидек, уларнинг орасида ҳам қарийб йигирма йилга яқин шу соҳада ишласа-да, ўз вазифасини бажармай, “тажрибам ва малакам етишмайди” деган важ кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас экан.

Судланувчи М.Д. Нурота тумани Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида олий тоифали акушер-гинеколог врач бўлиб ишларди. Унинг зиммасида бўлимга келтирилган ҳомиладор аёлларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, зарурий парвариш чораларини кўриш, беморнинг аҳволи оғирлигида уни бошқа бўлимга ўтказиш ҳақида туғруқ бўлими бошлиғига хабар қилиш, беморларда ўз вақтида малакали жарроҳлик операцияларини ўтказиш каби вазифалар юклатилган эди.

Бемор Д.Х. 2020 йил 1 ноябрь куни тонгги соат еттиларда туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига олиб келинди. Шифокор М.Д. навбатчи акушер-гинеколог сифатида аёлни кўрикдан ўтказиб, унинг эгиз ҳомиласи тирик эканлигини билгани ҳолда ўз касбига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлди. У Ўзбекистон Рес- публикасининг “Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонунини тегишли моддаси талаб- ларига зид равишда эгиз ҳомиланинг умумий аҳволини холисона, ҳар томонлама тўлиқ ва аниқ баҳолаш учун стандартлар асосида зарур бўлган текширувларни ўтказиш чораларини кўрмасдан, шифокорлар иштирокида консилиум чақириб, беморнинг аҳволини ва тиббий ташхисни муҳокама қилишга “эринди”. Ўз вақтида кесарча-кесиш амалиётини ўтказишни лозим топмади. Ва беморнинг келгуси даволаш режасини ва тактик ҳаракатларни белгилашда “туғруқни табиий туғруқ йўллари орқали туғдириб олиш” тактикасини нотўғри қўллади.

Ўша куни соат 08:45да аёлнинг биринчи қиз жинсли чақалоғи асоссиз равишда “вакуум-экстракция” амалиёти қўлланилган ҳолда табиий йўл билан туғдирилди. Иккинчи ўғил жинсли чақалоқнинг туғилишида эса лоқайдлик, вазифага масъулиятсизлик туфайли янада оғир аҳволни юзага келтирди. Онанинг қорнидаги иккинчи бола қарийб икки соат давомида ўз вақтида кесарча-кесиш амалиётини ўтказилиши талаб этилса-да, нотўғри қўйилган ташхис туфайли ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Д.Х.нинг соғлиги ёмонлашганидан сўнг, соат 10:20да кесарча-кесиш амалиёти орқали ой-кунига етган, 39 ҳафталик соғлом, ички аъзоларида туғма нуқсонлари бўлмаган ўғил жинсли чақалоқ дунёга келди. Афсуски, бола оғир даражали асфикция ҳолатида туғдирилгани туфайли 2 ноябрь куни тонгда “бош мия юмшоқ пардалари остига қон қуйилиши, ҳомила ичи асфикцияси” натижасида вафот этди. Бир шифокорнинг совуққонлиги, эътиборсизлиги оқибатида бу ёруғ дунёга келган гўдак оламдан ўтди.

Шундан сўнг М.Д. содир қилган жиноий қилмишини яшириш мақсадида туғруқ бўлимида доя сифатида ишловчи шериги билан жиноий тил бириктириб, ҳомиладор Д.Х.нинг номига очилган, расмий ҳужжат ҳисобланган 2307-сонли туғруқ тарихига касб юзасидан ўзи амалга оширмаган, бироқ амалга ошириши шарт бўлган тибиий ҳаракат ва муолажаларни “қайд этиб қўйди”. У “шериги” ёрдамида бемор дафтарига гўёки Д.Х.нинг ўғил жинсли чақалоғини ўзи оператор сифатида кесарча-кесиш амалиётини ўтказганлигини, биринчи қиз жинсли чақалоқ гарчи соат 08:45га қадар туғилган бўлсада, ушбу туғруқ тарихи, партограмма ва чақалоқнинг ривожланиш баённомасига қизнинг туғилганлик вақтини соат 09:45 деб ёздирди. Шу тариқа қалбаки маълумот ва ёзувлар киритиб, расмий ҳужжат ҳисобланган туғруқ тарихини сохталаштиришди.

Суд мажлисида масъулиятсиз шифокор “тажрибам ва малакам етишмайди” дея важ кўрсатиб, қонуний енгиллик беришни сўраб бот-бот таъкидлаган бўлсада, суд иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқди ва у Ўзбекистон Рес- публикаси Жиноят кодексиинг тегишли моддалари бўйича айбли деб топилди. М.Д.нинг содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини, муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қолаверса, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ва жазо тайинлаш масаласини суднинг ихтиёрига ҳавола қилганлиги инобатга олинди. Унга нисбатан 3 йил 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Олий маълумотли, бунинг устига олий тоифага эга бўлган, зиммасига шарафли вазифа юклатилган шифокор бу қилмиши билан “оқ либос”ига қора доғ туширди. Ўз лоқайдлиги туфайли содир бўлган жиноятни эса яширишга уринди, турли ҳийлалар қилди. Лекин унинг иккинчи қинғир жиноий хатти-ҳаракатлари амалга ошмади. Зеро, қонун устувор бўлган мамлакатда ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.

Муҳсин ЭГАМОВ, жиноят

ишлари бўйича Нурота

туман судининг

судья ёрдамчиси.

Улашинг: