Покистон Афғонистондан қочқин қабул қилмоқчи эмас

Покистон ҳукуматига кўра, у Афғонистондан бошқа қочқин қабул қила олмайди. Исломобод халқаро ҳамжамиятни бу борада огоҳлантириб, нотинч қўшнисининг фуқароларига ёрдамни оширишга ундамоқда.

Покистонда аввалдан афғон қочқинлар кўп. Айни дамда қарийб 3 миллион афғон у ерда яшайди. 1980-йиллардан бери икки давлат орасида қочқинлар оқими тинмайди.

«Биз ёрдам беришда давом этамиз, аммо янгиларини қабул қилишга имконимиз йўқ. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Афғонистоннинг ўзида шароитни тайёрлаши керак», – дейди Покистон раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Мойид Юсуф «Америка Овози» билан суҳбатда.

БМТ Қочқинлар идораси афғонлар учун янги лагерлар қура бошлаши керак, дейди расмий. Ҳозирда Покистон ва Афғонистон чегарасида икки ўтиш пункти бор. Бири Балучистоннинг Чаман деган жойида, иккинчиси эса Тўрхамда, Хайбар Пахтунхава ҳудудида. Орада бир неча савдо постлари ҳам мавжуд. 2640 километрлик чегаранинг 90 фоизга яқини Покистон армиясининг бевосита назоратида ҳамда ички ишлар изнида.

Исломобод қочқин деган мақом билан унинг ҳудудига Афғонистондан террорчилар ва ман этилган гуруҳларнинг аъзолари ўтаётганидан хавотир билдириб келади.

Улашинг: