Сирдарёлик фирибгар: «Бу пулни раҳбарларга бераман, иш ҳал бўлгандан кейин мени кафеда бир сийласангиз бўлди»

Фуқаро Адиба Эрназарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Мирзаобод тумани бандликка кўмаклашиш марказида иш борлигини билиб, у ерга ишга кириш юзасидан маслаҳат сўраб бир пайтлар мазкур муассасанинг вилоят бошқармасида ишлаган Икром Жумановга мурожаат қилди. Икром унга тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳатини аямаганида, савоб олиши тайин эди. Лекин у ишга ҳаражатсиз кириш мумкин эмаслигини айтиб, Адибани алдади. Бу иш 200 долларга ҳал бўлишини тушунтирди. «Бу пулни раҳбарларга бераман, иш ҳал бўлгандан кейин мени кафеда бир сийласангиз бўлди», – деди.

А.Эрназарова ишли бўлиш иштиёқида И.Жумановнинг талабига рози бўлди. Аммо пул топа олмади. Шундан сўнг порахўр раҳбарларнинг танобини тортиб қўйиш учун департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармасига мурожаат қилади. 2021 йилнинг февраль ойида департамент ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Икром аризачидан 200 АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Суриштирув жараёнида эса раҳбар порахўр эмас, И.Жуманов фирибгар эканлиги ошкор бўлди. Буни қарангки, Икром ҳеч ким билан гаплашмаганини, бошқарма бошлиғининг бу гаплардан хабари йўқлигини тан олди.

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод тумани суди мазкур ҳолатни кўриб чиқиб И.Жумановга жарима жазоси тайинлади.

Улашинг: